ОАВ: Европа Иттифоқи “Спутник V”ни маъқуллашни йил охиригача қолдирилиши мумкин

Россияда ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши “Спутник V” вакцинасининг Европа Иттифоқи томонидан маъқулланиши кузга ёки ҳатто йил охирига қолдирилиши мумкин. Бу ҳақда жараёндан воқиф манбаларга таянган ҳолда Reuters агентлиги хабар қилган.

Хабарда айтилишича, Россия томони вакцинанинг клиник синовларига оид маълумотларни белгиланган сана — 10 июнгача тақдим этмаган. Аввалроқ қатор мутахассислар маълумотлардаги камчиликлар ёки чалкашликлар важидан “Спутник” ишлаб чиқарувчиларини танқид қилишганди.

Европа дори-дармон препаратлари агентлиги (ЕМА)нинг “Спутник” вакцинасини ЕИ мамлакатларида қўллашга рухсат бериш-бермаслик юзасидан қарори май ёки июнь ойларида қабул қилиниши кутилган эди.

Мазкур вакцинани хорижга етказиб бериш билан шуғулланувчи Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди (РТИФ) Reuters агентлиги талқинини рад этган.

“Процедура ўтказиш муддатлари бўйича қарор қабул қилиш EМА ваколатида бўлса-да, биз “Спутника V” вакцинаси икки ой ичида рўйхатдан ўтказилишига умид қиляпмиз”, дейилган фонд баёнотида. РТИФ барча зарур ҳужжатларни тақдим этганини, вакцинани қўллаш бўйича клиник амалиёт назоратидан сўнг эса у ҳақида ижобий фикрлар билдирилганини ҳам иддао қилган.

Ҳозирда “Спутник”дан фойдаланиш учун ЕИнинг фақат икки мамлакати — Венгрия ва Словакияда расман рухсат берилган. Бутун ЕИ миқёсида қўллашга рухсат ҳозирча йўқ. Вакцина Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ҳам маъқулланган эмас, шунга қарамай Россия томони вакцинани етказиб бериш бўйича ўнлаб мамлакатлар билан шартнома имзолаган.