OCCRP: Алишер Қодиров Дубайда 8 млн долларлик мулкка эга

Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ этиш маркази (OCCRP) экспертлари Dubai Unlocked лойиҳаси доирасида Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашид Қодировнинг ўғли Алишер Қодиров Дубайда умумий қиймайти қарийб 8 миллион АҚШ долларига тенг кўчмас мулкка эгалик қилишига оид ҳужжатларни қўлга киритишган.

OCCRP ҳужжатларига мувофиқ, Алишер Қодировнинг “Марина Плаза”да тўртта офиси бор. Улардан ҳар бири 1,9 миллион доллардан 2,1 миллион долларгача баҳоланган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги 2018 йили таъмагирлик ва товламачиликда гумонланаётган Алишер Қодировга нисбатан қидирув эълон қилган эди.

Каримов даврида 15 йил давомида Ўзбекистон бош прокурори лавозимида ишлаган Рашиджон Қодиров 2018 йил 22 февралида ҳибсга олиниб, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди қарори билан 2019 йил 26 июнида 10 йилга озодликдан маҳрум этилганди. У порахўрлик, пора беришда воситачилик қилганлик, товламачилик, солиқ тўлашдан бош тортганлик ва жиноий даромадларни машрулаштириш каби жиноятларда айбдор деб топилган.

OCCRPнинг Dubai Unlocked лойиҳаси Дубайдаги қимматбаҳо кўчмас мулк соҳиблари тўғрисидаги маълумотларни очиқлаб келади. 70 дан ортиқ мамлакат журналистлари Дубайдаги минглаб кўчмас мулк объекти ҳақида сизган маълумотларни таҳлил қилиб чиқишган. Ҳужжатлар кўпроқ 2020 ва 2022 йиллардаги олди-сотдиларга алоқадор.

Умуман олганда, бу тадқиқот Бирлашган Араб Амирликларидаги бу йирик шаҳар қандай қилиб ҳукуматлар, давлат корпорациялари ва жиноят оламига алоқадор одамлар дохил юзлаб кишининг пул ётқизиши учун қулай жойга айланганини кўрсатиб берган.

“Тадқиқот “қаҳрамонлар”и шахсини тасдиқлатиш учун бир неча ой кетди”, дея урғулашган лойиҳа муаллифлари.