OCCRP: Қозоғистон президенти ва Бош вазирининг телефон суҳбатлари ҳам жосуслик дастури воситасида тингланган

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев.

Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш маркази – OCCRP Pegasus жосуслик дастури воситасида Қозоғистонда мобил телефонлари ноқонуний тингланган шахсларнинг рўйхатини эълон қилди.

Рўйхатда президент Қасим-Жомарт Тоқаев, Бош вазир Асқар Мамин ва Олмаота шаҳар ҳокими Бақитжан Сағинтаев ҳам бор.

OCCRP Қасим-Жомарт Тоқаев ва Бош вазир Асқар Маминнинг телефонлари Қозоғистон ҳудуддан туриб тингланган бўлиши мумкинлигини билдирди.

Pegasus жосуслик дастури воситасида телефон суҳбатлари тингланган ва кузатиб борилган қозоғистонликлар рўйхати дастлаб 5 киши - икки журналист ва уч жамоат арбобидан иборат эди. OCCRP Қозоғистонда жами 2 мингдан ортиқ шахс ноқонуний кузатилганини аниқлаган.

Бир неча кун олдин Исроилнинг NSO Group ширкати ишлаб чиққан Pegasus дастури бутун дунёда журналистлар, фаоллар ва турли ширкатларнинг раҳбарларига тегишли смартфонларни бузиб киришда қўлланилгани ҳақида Washington Post, Guardian ва бошқа нашрлар ҳамкорликда ўтказган суриштирув хулосаси эълон қилинган эди.