Фирибгарлик айблови билан халқаро қидирувда бўлган ва Туркияда ушланган Ўзбекистон фуқароси Р. Х., Тошкентга депортация қилинди, деб хабар берди 28 январь куни Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консуллиги.
Расман билдирилишича, Р.Х., Ўзбекистон ва Туркия Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида 13 январь куни Истанбул шаҳрида қўлга олинган.
66 ёшли бу аёл фуқароларнинг кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштиришда айбланиб, 2016 йилдан буён Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан қидирувда бўлган.
“Ушбу шахснинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига ёки Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиш сўралади”, дейилади билдирувда.
24 январь куни ҳам одам савдосида гумонланган икки аёл Истанбул халқаро аэропортидан Ўзбекистонга депортация қилинган эди.
Бу аёллар Ўзбекистон ва Туркия Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида 10 январь куни қўлга олинганлар.