Украина расмийлари Одесса яқинидаги қишлоқнинг Россия томонидан бомбардимон қилиниши оқибатида камида 18 киши ҳалок бўлгани ва 30 киши яраланганини билдирди. Уларнинг барчаси тинч аҳоли бўлган. Россия кўп қаватли уйни ва дам олиш масканини бомбардимон қилган.
"1 июль тунги соат бирларда Белгород-Днестр туманига қарашли шаҳар типидаги посёлканинг бомбардимон қилиниши оқибатида 9 қаватли турар жой биноси қисман вайрон бўлди, уйга туташ дўкон ёниб кетди. Иккинчи ракета эса дам олиш масканига тушган”,-дейилади Украина Фавқулодда вазиятлар хизмати хабарида.
Украина ҳарбий қўмондонлигининг билдиришича, Россия бу манзилларни Х-22 русумидаги ракетлар билан Ту-22 самолёти воситасида бомбардимон қилган. Россия Мудофаа вазирлиги ҳозирча бу хабарга муносабат билдирмади.