“Одоб-ахлоққа зид видеоси” учун 5 суткага қамалган блогер озодликка чиқди

Иллюстратив сурат

Ижтимоий тармоқлардаги “одоб-ахлоқ қоидаларига зид равишда тасвирга олинган видеоси ва суратлари” боис аввалроқ беш суткага қамалган блогер Севинч Саъдуллаева озодликка чиқди.

Тошкент шаҳар судларининг расмий Telegram-канали маълумотига кўра, 15 ноябрь куни Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида блогернинг апелляция шикояти кўриб чиқилган.

Хабарномада қайд этилишича, маъмурий жавобгарликка тортилган Саъдуллаева апелляция шикоятида ҳозирги кунда қилган ишидан пушаймонлиги билдириб, суд қарори билан тайинланган жазони енгиллаштиришни сўраган.

Апелляция инстанцияси биринчи инстанция суди қарорини енгиллатиб, 5 сутка маъмурий қамоқ жазосини 4 суткалик қамоқ жазосига ўзгартириш ҳақида ажрим чиқарган.

Шу йилнинг 11 ноябрь куни Миробод тумани суди “одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган” видео ва расмларни ижтимоий тармоқларда тарқатган блогер қизга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлагани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Биринчи инстанция суди қаноатича, блогер ижтимоий тармоқларда ўзи иштирокидаги видео ва расмларни “жамиятда юриш туриш қоидаларини қасддан менсимасдан жойлаштириб, жамоат тартибини бузиб, фуқароларнинг ўринли эътирозларига сабабчи бўлган”.

Газета.uz нашри хабарига кўра, блогер устидан суд Тошкент шаҳар Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нодира Умарова аризаси асосида ўтказилган.

Бу каби хабарлар ОАВда чиқиши ортидан ижтимоий тармоқларда блогернинг қамалиши қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган, кўплаб фойдаланувчилар Севинч Саъдуллаевага нисбатан кескин жазо чораси қўлланилгани юзасидан эътироз билдиришган, ҳуқуқшунослик соҳасидан хабардор айрим блогерлар эса Ўзбекистонда “жамиятда юриш-туриш қоидаларини тартибга солувчи нормативлар”нинг ўзи йўқлигига эътибор қаратишган.