Ўзбекистон Олий суди мухолифатдаги “Олға, Қорақалпоғистон” ҳаракатини “экстремистик ташкилот” деб топган ва мамлакат ҳудудида унинг фаолиятини тақиқлаган.
“Мемориал” ҳуқуқбонлик маркази Марказий Осиё дастури директори Виталий Пономарёвга кўра, суд мазкур қарорни шу йил 22 февралида чиқарган.
Ҳуқуқ ҳимоячисининг бунга оид хабари 6 июнь куни Туркманистон инсон ҳуқуқлари бўйича Хельсинки жамғармаси (TFH) сайтида ёйинланган.
Ўзбекистон Олий суди қарорини очиқ манбалардан топиб бўлмади.
Тақиқловчи қарор борлиги ҳақида жорий йилнинг 30 майида Хўжайли туман суди томонидан олти йилга озодликдан маҳрум этилган Парахат Мусапбаров иши бўйича суд қароридан маълум бўўлган. Фаолга қўйилган айбловлар орасида Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) бўйича айблов ҳам бор. Ҳукм матнида Олий суднинг “Олға, Қорақалпоғистон”ни тақиқлаш тўғрисидаги қарори ҳам эслатилган.
Жорий йилнинг февраль ойи охирида қўлга олинган Мусапбаров иши, афтидан, “Олға, Қорақалпоғистон” тарафдорига бу каби айблов қўйилиши билан боғлиқ илк жиноят ишидир.
Х ижтимоий тармоғидаги Alga Qara'qalpaqstan аккаунти 7 июнь куни Ўзбекистонда “махфий суд” “Қорақалпоғистон демократик партияси” фаолиятини “экстремистик” ўлароқ тақиқлаш ҳақида қарор чиқарганини ёзди.
“Олға, Қорақалпоғистон” ҳаракати тарихи 2008 йилнинг сентябрь ойига бориб тақалади. Ҳаракат лидери Аман Сагидуллаев 2023 йил 10 майида Ўзбекистон президентини омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш моддаси дохил мамлакат Жиноят кодексининг қатор моддалари бўйича сиртдан 18 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.
Сагидуллаев ўзига қўйилган барча айбловларни рад этган. У Қорақалпоғистон мустақиллигига тинч йўл билан эришишни ўз олдига мақсад қилиб қўйганини қайд этган. Сагидуллаевнинг фикрича, бу айирмачилик эмас, балки мухтор ҳудудга Конституцияга мувофиқ равишда берилган ҳақ бўлиб ҳисобланади.