Human Rights Watch (HRW) халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Ўзбекистонда блогер Олимжон Ҳайдаровнинг саккиз йилга озодликдан маҳрум қилинганини қоралади.
Халқаро ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича вакили Мира Риттман 5 декабрда берган баёнотида: “Суднинг Ҳайдаровни саккиз йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги қарори Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигига салбий таъсир кўрсатади”, - деб айтди.
1 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди блогер Олимжон Ҳайдаровни 8 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарганди.
Ҳайдаров Ўзбекистон жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 2-қисми, 3-қисми “а” банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди ва 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.
У тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланди.
Шунингдек, суд Мажбурий ижро бюроси зиммасига ижтимоий тармоқлардаги Ҳайдаровга тегишли барча канал, саҳифа ва гуруҳларни ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг ўчириш ёки блоклаш вазифасини юклади.
Олимжон Ҳайдаров шу йилнинг 29 июль куни ҳибсга олинган эди.
Ҳибс ортидан Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси ёйинлаган хабарда блогер товламачилик устида қўлга олингани маълум қилинган.
Расмий хабарда Олимжон Ҳайдаров Қўқондаги савдо комплекси расмийларидан салбий мазмундаги мақолани интернетда тарқатмаслик эвазига $10 минг талаб қилгани айтилган.
Олимжон Ҳайдаровнинг ўзи ҳибсга олинганидан кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда эълон қилинган баёнотида ўзини “сиёсий маҳбус” деб атаганди.
Блогернинг иддаосича, унинг қамалиши тўғридан-тўғри касбий- профессионал фаолияти билан боғлиқ. У ўз фаолияти даврида йирик коррупцион схемаларни фош қилганини айтган.
Ҳайдаров Фарғона туман суди ҳукми устидан юқори суд инстанциясига шикоят аризаси киритишини билдирган.
Демократия, сиёсий эркинликлар ва инсон ҳуқуқларини кузатувчи Freedom House халқаро нодавлат ташкилоти ўзининг 2023 йилги ҳисоботида Ўзбекистонни интернет эркин бўлмаган давлатлар рўйхатида қолдирди. Ташкилотга кўра, президент Мирзиёевнинг айрим ислоҳотларига қарамасдан Ўзбекистон авторитар давлат сифатида қолмоқда.