COVID-19 сайёрамизда яшаётган аҳолининг қарийб ҳаммасини дахлсиз қолдирмайди, деб ёзди Bloomberg нашри олимлар фикрига таянган ҳолда.
Экспертлар фикрича, то ҳар бир инсон касалланиб тузалмагунича ёки эмланмагунича инсоният одатий турмуш тарзига қайтишдан умид қилмагани маъқул. Воқеалар ривожи энг ёмон тус олган тақдирда вакциналар янги штаммларга кор қилмаслиги мумкин.
Куз–қиш мавсумида инфекция яна бир карра глобал миқёсда авж олишини кутса бўлади, деб ҳисоблайди Миннесота университети қошидаги Америка юқумли касалликлар ва сиёсат тадқиқотлари маркази директори ҳамда АҚШ президентининг маслаҳатчиси Майкл Остерҳолм.
Экспертлар тахминича, Ер аҳолисининг 90-95 фоизи касаллик юқтириш ёки эмлов кампанияси натижасида иммунитет ҳосил қилмагунича вирус чекинмайди.
Сўнгги 130 йил давомида яхши ҳужжатлаштирилган бешта грипп эпидемияси COVID-19 пандемияси қай йўсин ривожланиши мумкинлиги ҳақида тасаввур беради, деган Даниянинг Роскилл университети эпидемиологи,профессор Лоун Симонсен.
Олимга кўра, энг узоқ давом этган глобал миқёсдаги грипп тарқалиши 5 йилга чўзилган ва ўшанда дунё 2-3 йил ичида ушбу инфекциянинг иккитадан тўрттагача тўлқинини бошидан кечирган. “Коронавирус эса янада жадаллик билан ёйилмоқда – пандемиянинг иккинчи йили охирига келиб дунё учинчи тўлқин ўртасида турибди”, деган эпидемиолог.
Профессор “вируслар уларни ташувчилар популяцияси йўқ бўлиб кетишининг олдини олиш учун вақт ўтиши билан ўз-ўзидан кучсизланади” деган қараш хато эканини урғулаган. Янги мутациялар ҳар доим ҳам улардан аввалги штаммларга нисбатан хавфлироқ бўлавермаса-да, пандемиялар вақт ўтиши билан янада ҳалокатли тус олиши мумкин.
Айрим эпидемиологлар тахминича, SARS-CoV-2 биринчи авлод вакциналарига тўлиқ чидамли бўлиши мумкин. Японияда ўтказилган тадқиқот вакциналарга бўй бермайдиган потенциал хавфли мутациялар аллақачон мавжудлигини кўрсатмоқда. Янги штаммларининг жадал суръатларда пайдо бўлиши коронавирусга кўпроқ грипп тусини беради. Бу шуни англатадики, коронавирусдан ҳар йили эмланишга тўғри келиши мумкин, вакциналар эса айни пайтда қайси штамм устунлик қилаётганига қараб янгилаб борилади.
Кўп мамлакатларда эмланиш даражаси ниҳоятда паст. Масалан, Африканинг аксари давлатларида эмланганлар 5 фоиздан ошмайди, 1,3 млрд одам яшайдиган Ҳиндистонда бу кўрсаткич атиги 26 фоизни ташкил этмоқда.
Пандемия, илгари рўй берган глобал касаллик тарқалишлари каби, турли жойларда турли вақтда ниҳоясига етади, деган Оксфорд университетининг тиббиёт тарихи кафедраси доценти Эрика Чартерс.
Коронавирус билан оммавий касалланиш олдини олишга муваффақ бўлган Дания ва Сингапур каби давлатлар аллақачон нормал ҳаётга қайтиб, “постпандемик келажак” томон одимламоқда.
АҚШ ва Буюк Британияда, касалланган сони рекорд кўрсаткичга яқин эканига қарамай, чекловлар бирма-бир бекор қилиняпти.
Хитой, Ҳонконг ва Янги Зеландияда эса касаллик юқтирувчилар камроқ бўлса-да, локдаун сақланиб турибди.