Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Ҳасанбой Дўсматов Парижда ўтказилаётган Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритди. 51 килограммгача бўлган вазн тоифасида бўлиб ўтган финал баҳсида у франциялик Билол Беннамани мағлубиятга учратди.
Бу 31 ёшли Ҳасанбой Дўсматов томонидан Олимпия ўйинларида қўлга киритилган иккинчи олтин медалдир. 2016 йили Рио-де-Жанейрода ўтказилган Олимпиадада ҳам андижонлик Дўсматов ўз вазн тоифасида чемпионликни қўлга киритган эди. Шу тариқа у икки карра Олимпия чемпиони унвонига сазовор бўлган ўзбекистонлик илк боксчига айланди.
Парижда ўтказилаётган ёзги Олимпия ўйинларида 8 август куни Таэквондо бўйича 68 килограммгача вазн тоифасидаги финал мусобақасида ўзбекистонлик Улуғбек Рашитов ҳам чемпионлик унвонига сазовор бўлган. Бу гал иорданиялик Заид Каримни мағлуб қилиш орқали биринчиликни қўлдан бермаган Рашитов 2020 йили Токиода бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида ҳам олтин медални қўлга киритишга муваффақ бўлган эди.
Кечаги ғалабалар ортидан Париж Олимпиадасида иштирок этаётган Ўзбекистон делегацияси ҳисобида учта олтин, иккита бронза медали жамланди, бу эса медаллар сони бўйича ўзбек командасининг дунёда 18-ўринга чиқишига сабаб бўлди.