Олимпиада медаллари ўзбекистонлик солиқ тўловчиларга қанчага тушди?

Париж Олимпиадасида Миллий терма жамоага мухлислик қилиш учун борган ўзбекистонликлар, 2024 йил 27 июли

Парижда бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон медаллар ҳисобида 206 та давлат орасида 13-ўринни эгаллагани маҳаллий матбуотда “тарихий ютуқ” деб баҳоланмоқда. Таҳлиллар эса Олимпиада медаллари ўзбекистонлик солиқ тўловларга анча қимматга тушгани, биргина медаль учун бюджетдан қарийб 4,14 миллион доллар сарфланганини кўрсатяпти.

“Gazeta.uz” нашри ўрганишларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати Олимпиада ўйинларига тайёргарлик учун давлат бюджетидан 2022 йилда 135 миллиард, 2023 йилда 216 миллиард ва 2024 йилда 250 миллиард сўм ажратган. Демак, ғазнадан сарфланган 3 йиллик харажат миқдори 601 миллиард сўмни (тахминан 50 миллион доллар) ташкил этади.

Ўзбекистон Олимпия совриндорларини саховатпешалик билан сийлайдиган мамлакатлар сирасига киради. Президент фармонига мувофиқ, олтин медаль учун – 200 минг, кумуш медаль учун – 100 минг ва бронза медаль учун 50 минг доллар пул мукофоти берилади. Мураббийларга эса мос равишда 50 минг, 25 минг ва 12,5 минг доллар ажратилади.

Парижда Ўзбекистон жамоаси бокс, дзюдо, эркин кураш, таэквондо ва оғир атлетика бўйича 13 та медални (8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза) қўлга киритди. Ғолибларга бюджетдан жами 1,95 миллион доллар (олтин эгаларига – 1,6 миллион, кумуш соҳибларига – 200 минг ва бронзачиларга – 150 минг) пул мукофоти берилди.

Ҳукумат бу гал Олимпиада совриндорларига қимматбаҳо машиналар ҳам туҳфа қилди: олтин эгаларига – 1,04 миллиард сўм ёки 82,33 минг долларлик Tahoe, кумуш медаль соҳибларига – 395,3 миллион сўм ёки 31,3 минг долларлик BYD Song Plus EV Champion, бронзачиларга – 387,2 млн сўм ёки 30,67 минг долларлик BYD Song Plus DM-i Champion автомобиллари. 13 дона автомобиль баҳоси тахминан 10,27 миллиард сўм ёки 813,3 минг долларни ташкил қилади.

Совриндорларга икки қаватли коттеж ва хонадонлар ҳам топширилди, бироқ уларнинг нархи номаълум.

“Gazeta.uz” ҳисоб-китобига кўра, шу тариқа битта медални қўлга киритиш учун Ўзбекистон бюджетидан ўртача 3,89 миллион доллар, пул мукофотлари ва автомобиллар ҳам қўшилса, 4,14 миллион доллар ажратилган.

Қўшни қанча сарфлади?

Мақолада Олимпиадага ҳозирлик бўйича яқин-йироқ мамлакатлар харажатлари солиштирилган. Масалан, Париждан 7 та медаль (1 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза) билан қайтган Қозоғистон ҳукумати миллий терма жамоанинг тайёргарлиги ва иштироки учун жами 980 миллион тенге (25,77 миллиард сўм) ажратган. Бу Ўзбекистондан 23,3 баробар кам харажатдир.

Пул мукофоти борасида Қозоғистон Ўзбекистондан бироз олдинда: олтин медаль учун 250 минг, кумуш учун 150 минг, бронза учун 75 минг доллар берилган. Рақамлар сарҳисоб қилинса, ҳар бир медални қўлга киритиш учун Қозоғистон бюджетидан 423,7 минг доллар (Ўзбекистондан деярли 10 баробар кам) сарфлангани маълум бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон ялпи ички маҳсулоти (259,7 миллиад доллар) Ўзбекистондан 2,8 баравар, ЯИМнинг аҳоли жон бошига тақсимоти эса 5,2 бараварга (2510 долларга нисбатан 13 088 доллар) кўпдир.

"Нима бизга Америка?"

Таҳлилларга қараганда, Ўзбекистон Олимпия совриндорларига АҚШ, Германия, Франция каби “Катта еттилик” давлатларидан ҳам кўпроқ мукофот беради. Буюк Британия, Янги Зеландия, Норвегия, Швеция каби давлатларда эса совриндорларга пул мукофоти берилмайди.

Олимпиададан қайтган ўзбекистонлик спортчилар Тошкентда сенат раиси ва бош вазир иштирокида, катта тантана билан қарши олинди. АҚШда яшаётган журналист ва дастурчи Беҳзод Мамадиевнинг ёзишича, Парижда медаллар сони бўйича биринчи ўринни эгаллаган АҚШ жамоаси ўз ватанида дабдабасиз, эл қатори кутиб олинган.

“Тўс-тўполон, карнай-сурнай йўқ. Баъзи мухлислар қўлларида плакат билан чиққан, айримлар спортчилардан дастхат олишга уринмоқда. Бор-йўғи шу. Уларни автобусга босиб, ҳокимиятга ёки қандайдир тадбирга олиб кетишмади. Қўлига 200 минг доллар чек, икки қаватли уй калити ва қимматбаҳо машина ҳам берилгани йўқ. Лекин олтин медаль олганга 37500 доллар, кумушга 22500 доллар, бронзага эса 15000 доллар ваъда қилингани рост. Аммо АҚШ ҳукумати бу спортчиларнинг Олимпиада ва бошқа халқаро спорт мусобақаларига кетадиган харажатларини қопламайди. Барча харажатлар асосан хусусий ҳомийлар ва хайрия ҳисобига қопланади”, деб ёзди Беҳзод Мамадиев Телеграмдаги “Вашингтон кундалиги” саҳифасида.

Солиқ тўловчи нима дейди?

Олимпиада эҳтирослари ва эйфорияси анча босилган шу кунларда ўзбекистонликлар ижтимоий тармоқларда совриндорларга бу қадар катта миқдорда мукофотлар берилиши қанчалик тўғри деган масалани фаол муҳокама қилмоқда.

Бир гуруҳ фойдаланувчилар “мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилган Олимпиада совриндорларига қанча мукофот берилса кам” эканини таъкидлаётган бўлса, бошқалар “Ўзбекистонда 2024 йилнинг етти ойида бюджет дефицити қарийб 3 миллиард долларни ташкил қилаётган бир пайтда кўрпага қараб оёқ узатиш” маъқуллигини айтмоқда.

“Чемпионларини улкан совғалар билан сийлаётган халқ шу совға қилинаётган Tahoe'дан биттагина олиш учун сентябрдан бошлаб 10%га оширилаётган минимал иш ҳақини 960 ой (80 йил) давомида емай-ичмай, ҳеч нарсага сарфламай йиғиши керак экан”, деб ёзди эксперт Комил Жалилов.

“200 минг доллар берилиши тўғри, қонун/қарорда кўрсатилган эди. Лекин ҳашаматли уйлар, Tahoe'лар ортиқча! Чунки уларни беришнинг ҳуқуқий асоси, қонуний манбаси йўқ. Бари харажат шу халқнинг ризқидан қийилади”, дея масаланинг ҳуқуқий жиҳатига эътибор қаратди журналист Аброр Зоҳидов.