Олий суд: Абдуқодир Мўминов иши юзасидан суд 25 июль куни бошланади

Абдуқодир Мўминов

Президент Мирзиёев танқидчиси сифатида танилган 33 ёшли блогер Абдуқодир Мўминов иши бўйича маҳкама жорий йилнинг 25 июль куни соат 15.00 да Миробод туман судида бошланади. Бу ҳақда Олий суднинг жамоатчилик билан алоқалар маркази раҳбари Азиз Обидов маълумот тарқатди.

Хабарномада блогер Ўзбекистон “Жиноят кодексининг 141-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми “а”, “б” бандлари, 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б”, “в” бандлари, 4-қисми “а” банди, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми ва 28, 211-моддаси (пора беришда иштирокчилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган”и қайд этилган.

Олий суд вакилининг тергов томонидан берилган айблов хулосасига таянган ҳолда иддао қилишича, жиноят иши бўйича 14 нафар жабрланувчи мавжуд ва уларга жами 900 миллион сўмдан кўпроқ миқдорда моддий зарар етказилган.

YouTube’даги “Кўзгу” канали муаллифи Абдуқодир Мўминов шу йилнинг 8 февралида “фирибгарлик” ва “товламачилик”да гумон қилиниб, ҳибсга олинганди. Беш ойдан буён ҳибсда сақланаётган ва бир неча марта адвокатдан воз кечган Мўминовнинг ўзига қўйилаётган айбловларни тан олиб-олмаганига оид тафсилотли маълумот йўқ. Ҳуқуқ фаоллари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари блогер президент Мирзиёевнинг куёвлари бизнеси ҳақида олиб бораётган суриштируви туфайли қўлга олинганига ишонишади.

Мавзуга алоқадор

Ҳибсдаги блогер Абдуқодир Мўминов бешинчи адвокатдан воз кечди. Сабаби яқинларига номаълум

Кейинги ҳафтада суди бошланадиган Абдуқодир Мўминов ўтган йилнинг 23 декабрь куни Тошкентда номаълум шахслар ҳужумига учраганди. Озодлик билан суҳбатда у “ҳаётига суиқасд қилингани”ни иддао қилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари блогерга уюштирилган ҳужум юзасидан жиноят иши очилганини маълум қилган. Бу иш тафсилотлари ҳозирга қадар жамоатчиликка очиқланган эмас.

Шу йил майида Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” (RSF) ташкилоти Ўзбекистонда журналист ва блогерларга босимлар кучайиб бораётганини қайд этган. Ҳисоботга мувофиқ, Ўзбекистонда сўз эркинлиги ўтган йилгига қараганда тўртта позицияга ёмонлашиб, 133-ўриндан 137-ўринга тушган.