Ўзбекистон Республикаси Олий судининг кассация судлов ҳайъати 19 декабрь куни блогер Ҳаёт Самарқандийга нисбатан 7 йиллик қамоқ жазосини бекор қилиб, ишни қайта кўриш учун қуйи инстанция судига юборди. Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.
“Олий суднинг кассация судлов ҳайъати блогер Ҳаёт Самарқандий (Норбоев)га нисбатан 7 йиллик қамоқ жазоси бериш ҳақидаги ҳукмини бекор қилди, иш аппеляция судида қайта кўрилади. Ҳайъат жиноят ишида бир қатор процессуал камчиликлар мавжудлиги ва суд ҳукмининг ғайриқонуний эканини эътироф этди”, деди Ташанов.
27 ёшли Ҳаёт Самарқандий Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси 2-қисми (Товламачилик) билан айбланиб, жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани судининг шу йил 13 июлидаги ҳукми билан 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.
Жиноят иши сентябрь ойида Самарқанд вилояти судида апелляция тартибида кўрилган ва ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган.
Жиноят иши тафсилотларига кўра, блогер ўзи истиқомат қиладиган Самарқанд вилояти Нарпай тумани ҳокими Шерзод Раҳмоновга халқ депутатлари Нарпай тумани кенгашида шарманда қилиш билан таҳдид қилган.
Нарпай тумани ҳокими Шерзод Раҳмоновнинг аризаси асосида тезкор ушлаш тадбири уюштирилиб, блогер махсус кукун билан ишлов берилган 15 миллион сўм миқдоридаги пулни олиш чоғида қўлга туширилган.
Блогер Ҳаёт Самарқандий сўнгги бир йил ичида товламачилик, фирибгарлик сингари жиноятларда айбланиб, қамоққа олинган ўнлаб блогердан биридир.
Самарқандий Жиззах Давлат университети педагогика-психология факультетининг 3-босқич талабаси эди.