Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати 5 июнь куни соат 15:00 да Нукус воқеалари бўйича апелляция суди ҳукмини эълон қилади.
Олий суднинг билдиришича, ҳукм эълон қилиниши ортидан 16 нафар маҳкумнинг апелляция шикоятлари, шунингдек, прокуратуранинг шартли ҳукм чиқарилган 4 нафар судланувчига нисбатан протестини кўриб чиқиш якунланади.
Апелляция суди муҳокамани 29 май куни якунлаган ва ҳукм чиқариш жараёнига киришган эди.
Апелляция судида прокурор 4 кишига берилган шартли жазони реал муддатларга алмаштиришни, 13 кишининг жазосини енгиллаштириш ва улардан 8 нафарини озод қилишни сўраган.
Январь ойи охирида Бухоро вилояти судида ўтган йилнинг 1-2 июль куни Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларда айбланган 22 кишига нисбатан ҳукм эълон қилинган.
Ҳукмга мувофиқ, асосий айбланувчи сифатида кўрилаётган Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалган, яна 17 киши 3 йилдан 8,5 йилгача озодликдан маҳрум этилган, Лолагул Қаллиханова дохил тўрт киши эса суд залидан озод қилинган эди.
Тажимуратов тергов жараёнида қийноққа солинганини айтган.
Нукус воқеалари бўйича жиноят иши юзасидан яна 39 нафар судланувчига нисбатан иккинчи суд ҳукми эса 17 март куни эълон қилинган. Ўшанда суд судланувчилардан 28 нафарига 5 йилдан 11 йилгача қамоқ жазоси бергани, 11 нафари эса шартли равишда суд залидан озод қилингани очиқланган.
Ўтган йил ёзида Ўзбекистон конституциясининг янги таҳририда Қорақалпоғистон республикаси суверен мақомининг бекор қилинишига қарши Нукусда бошланиб кетган норозиликлар чоғида расмийларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган.
Намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш қилган.
Аввалроқ АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам ўзбек расмийларини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақирган. Аммо иккинчи суддаги айбланувчилар орасида ҳам намойиш иштирокчиларига қарши ноқонуний куч қўллаганликда гумонланган хавфсизлик кучлари ходимлари кўринган эмас.