Ўзбекистон Олий суди 2023 йилнинг 17 май ҳолатига кўра ижтимоий тармоқлардаги тақиқланган профиль, канал ва гуруҳлар рўйхатини очиқлади.
Дин ишлари бўйича қўмита телеграм-канали орқали ёйинланган рўйхатга экстремизм ва терроризм ғоялари билан йўғрилгани айтилган Facebook тармоғидаги 123 та профиль ва гуруҳ, Instagram’даги 60 та профиль, Telegram’даги 207 та канал, Youtube’даги 49 та канал, “Одноклассники” тармоғидаги 16 та ва TikTok’даги 13 та профиль киритилган. Рўйхатда тақиқланган 7 сайт, 6 та диний нашида ва 18 та китоб номи ҳам бор.
Мазкур материаллар Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш қилиш ман этилган.
Қўмита ўзининг бошқа бир постида ўзбекистонликларни террористик ва экстремистик ташкилотларга тегишли материалларни тайёрлаш ва тарқатишдан сақланиш, хусусан, шубҳали аудиоматериалларни Интернет тармоғидан юклаб олмаслик, дуч келган электрон китобни юклаб, тарқатишдан тийилиш ҳамда текширилмаган фото ва видеоматериалларни Интернетдан юклаб олишдан эҳтиёт бўлиш хусусида огоҳлантирган.
Аввалроқ Ўзбекистонда танишларига нашида йўллагани учун бир неча нафар ёш йигитнинг судланиб, қамалгани қайд этилган, бу ҳолат ижтимоий тармоқларда қизғин баҳсларнинг юзага келишига сабаб бўлган эди.