Хоразмдаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан жинсий алоқага киришган мулозимларга нисбатан чиқарилган ҳукм аппелляция судида янгитдан кўриб чиқилади. Бунга оид қарор, Олий суд матбуот хизмати матбуот котиби Азиз Обидов маълумотига кўра, 6 апрель куни Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида Хоразм вилоят прокуратурасининг кассация тартибидаги протести кўриб чиқилган ёпиқ суд мажлисида қабул қилинган.
Суд мажлисида Хоразм вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан қабул қилинган 2022 йил 27 декабридаги ажримнинг Ойбек Машарипов ва Анвар Курязовга оид қисмини бекор қилиш бўйича 1 апрель куни киритилган прокуратура талаби қаноатлантирилган.
Урганч шаҳридаги 1-оилавий меҳрибонлик уйига берилган 15, 16 ва 17 ёшдаги уч нафар етим қизнинг ўн ой давомида Хоразм вилояти давлат амалдорлари билан жинсий алоқага мажбурлангани ҳақида Озодлик аввалроқ бир неча материал эълон қилган.
Бу ишда айбдор кўрилган Хоразм вилояти адлия бошқармаси собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ бошлиғи Анвар Курязовга 1,5 йилданга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Оилавий меҳрибонлик уйи директори эса 5,5 йилга қамалган.