Ўзбекистон Олий суди жорий йил 14 февралдаги қарори билан Тошкентдаги “Fayz siti” ширкатининг Мирзо Улуғбек туман¸ Олой М-2 мавзеидаги хусусий мулки - умумий майдони 3 минг 500 квадрат метрлик бинони давлат балансига ўтказди.
“Fayz siti” ширкати вакилининг Озодликка айтишича, “Суд мулкдорнинг мулкини тортиб олиш ҳақида ноҳақ қарор” чиқарган.
Суд қарорида айтилишича, бинони хусусийлаштириш жараёнида қонун бузилган.
Олий суд ҳаками Бахтиëр Сайфуллаев раислигида ўтган Олий суднинг иқтисодий ишлар бўйича коллегияси қарорида “Fayz siti”га тегишли бино Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига мулк қилиб берилиши айтилган.
Олий суднинг иқтисодий ишлар бўйича коллегияси мажлисида иштирок этган “Fayz siti” ширкати вакили Наталья Леликованинг Озодлик билан суҳбат давомида айтишича, “Суд мулкдорнинг мулкини тортиб олиш ҳақида ноҳақ қарор” чиқарган.
Леликова бинонинг “Fayz siti” ширкатига тегишли эканлигини тасдиқловчи кўчмас мулк объектига оид кадастр ҳужжати ва давлат ордерини Озодликка тақдим қилди. Ҳужжатлар тўпламида Мирзо Улуғбек туман¸ Олой М-2 мавзесидаги 3 минг 500 квадрат метрдан иборат бино 44 яшар Шоҳрух Азимовга тегишли “Fayz siti” савдо мажмуаси мулки экани айтилади.
Тилга олинган бино Тошкент шаҳар ҳокимининг 2001 йил 26 июндаги қарорига (Озодликда нусхаси мавжуд) асосан “Fayz siti” ширкатига мулк қилиб берилган.
“Fayz siti” ширкати вакили Наталья Леликованинг Озодликка айтишича¸ бинони тортиб олиш ҳаракатлари бундан бир йил олдин бошланган:
- Бино жойлашган ер жозибали. Бир тарафда "Детский мир" магазини¸ яна бир тарафда Бош почтамт. Шу боис биз билмаган қудратли одам бинони ўзиники қилмоқчи. Бинони сотиб олиш пайтида гўёки нокоррект келишув бўлганмиш ва шуни сабаб қилиб бир йил олдин бизни судга беришди. Адвокат ёллаб мулкимизни ҳимоя қилдик. Қуйи судлар бизнинг ëнимизни олиб қарор чиқарди. Аммо Олий суд қуйи суд қарорларини бекор қилиб бинони тортиб олди.
Наталья Леликовага кўра¸ низоли кўчмас мулкнинг нархи 9 миллион АҚШ доллари туради:
- Биз бу мулкни 2001 йили Республика кўчмас мулк биржасидан 5 миллион АҚШ долларига сотиб олганмиз. Ўтган давр мобайнида бинони таъмирлаш ва жиҳозлашга кетган пулларни қўшганда бинонинг бугунги нархи 9 миллион АҚШ долларига тенг.
203320 рақамли шартномада (нусхаси Озодликда мавжуд) мазкур бино нархи кўрсатилган.
Бундан ташқари бинони тортиб олиш бўйича очилган 10-1404-77 рақамли суд ишида акс этган рақамларда ҳам бино нархи 9 миллион доллардан кўпроқни ташкил қилади.
Бино Тошкент марказидаги 9 қаватли бинонинг ертўласи ва биринчи қаватини ўз ичига олади. Бино суд бўлгунга қадар Тошкентдаги энг машҳур ресторан ва савдо мажмуи ҳамда омбор сифатида “Fayz siti” ширкати тарафидан ишлатиб келинган.
Ширкат вакили Наталья Леликовага кўрамулкни тортиб олиш бўйича Олий суд мажлиси бор йўғи 5 дақиқа давом этган.
- Биз адвокатимизни топишга ҳам улгурмай қолдик. 13 февраль куни эртага суд, деб айтишди. Бордик, улар қарорни штамповка қилиб қўлимизга берди.
Озодлик Ўзбекистон Олий судига 28 февраль куни қўнғироқ қилиб 10-1404-177 рақамли иш бўйича 14 февраль куни чиқарилган қарор юзасидан изох сўради.
Ўзини котибият вакили деб таништирган аëл “томонларга нусхаси берилган қарорда барча сабаблар ëзилгани ва қарордан шикоят қилиб Олий суд раисига чиқиш имконини мавжуд“лигини айтиш билан кифояланди.
Озодликда нусхаси мавжуд бўлган суд қарорида¸ "Бинони сотиб олиш пайтида Хусусийлаштириш ва давлат тасарруфидан чиқариш бўйича қонун қоидаларга тўлиқ риоя қилинмагани боис¸ бино давлат тасарруфига қайтарилиши умумий тарзда айтилган.
Наталья Леликованинг айтишича, у вакили бўлган “Fayz siti” ширкати “Олий суднинг ноҳақ қарори боис синиш арафасида”:
- Ҳозир бинони олиш учун ҳар дақиқада суд ижрочиси келишини ҳадик билан кутиб ўтирибмиз. Олдин бу бинода “Ëлки-палки” деган машҳур ресторан ишлаб турган эди. Ҳозир бу ресторан иши тўхтаган. Ўзбекистонда мулк дахлсизлиги йўқлиги¸ Олий суднинг буюртма қарор бажаришини бизнинг тақдиримиз яққол кўрсатиб турибди.