Олмалиқ шаҳрида ёш болаларни аҳлоқсиз ҳаракатларга мажбурлаган шахс руҳий касал экани тўғрисида Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати раҳбари Бобур Тўлаганов 23 июлда маълум қилди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда бир эркак тахминан 9-10 ёшдаги икки болани жинсий алоқани имитация қилишга мажбурлаётгани акс этган видео тарқалган эди. Видео остига ёзилган маълумотта бу воқеа Олмалиқ шаҳрида содир этилгани қайд этилган ва ички ишлар органларидан айбдорни “тезда топиб, чора кўриш” талаб қилинган.
Бобур Тўлагановнинг билдиришича, видеодаги шахс Пискент туманида яшовчи 1984 йилда туғилган Ф. Х., экани аниқланган. “У руҳий касалликлар диспансерида доимий рўйхатда туради. Республика тиббий ижтимоий экспертиза инспекциянинг тегишли маълумотига кўра, фуқаро болалигидан 2 гуруҳ ногирони”,- дейилади билдирувда.
Ҳолат юзасидан Ф. Х.,нинг яқинлари билан профилактик суҳбат ва терговга қадар суриштирув ўтказилган. Ф.Х.,нинг ҳолати мутахассислар томонидан ўрганилиб, даволаниши учун Олмалиқ шаҳридаги руҳий асаб касалликлари диспансерига жойлаштирилган.
Тўлаганов ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув давом эттирилаётганини таъкидлади.