Қозоғистоннинг Олмаота халқаро аэропортида 23 сентябрь куни маҳаллий талабалар Карагоз Касим ва Айсултан Кудайберген “Россия” авиаширкатининг Москва рейси келиш вақтига мўлжаллаб пикет уюштиришди. Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, талабалар Москвадан келган йўловчиларни “Шунчаки гўшт эканингизни тушундингизми?” ҳамда “Ҳурмат қил ёки жўна” деб ёзилган плакатлар билан кутиб олишган.
Пикет бошланганидан кейин кўп ўтмай маҳаллий полициячилар акция иштирокчиларини полиция бўлимига олиб кетишган.
“Менинг асосий мақсадим – Украина халқини қўллаб-қувватлаш”, деган Карагоз Касим Қозоғистонга келаётган россияликлар келажакда бу ерда сепаратистик қарашларни ҳимоя қилмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмаслигини қўшимча қилган.
Икки талаба полиция бўлимида ярим соатча тутиб турилган. Олмаота полицияси вакили Ернар Таскин Озодлик мухбирига талабалар оғзаки равишда огоҳлантирилганидан сўнг қўйиб юборилганини айтган.