“Қозоғистон темир йўли” - ҚТЙ ширкатининг 5 январда билдиришича, Атирау, Ақтўбў, Олмаота темир йўл вокзаллари ёпилди.
“Олмаота шаҳрида, Мангистау ва Олмаота вилоятларида фавқулодда ҳолат жорий этилгани ортидан Макат ва Жем вокзаллари ёпилди. Бундан ташқари Олмаота -1, Олмаота -2, Мнгистау, Атирау, Ақтўбў, Нур-Султон йўналишлари бўйича поезд қатновлари тўхтатилди”,-дейилади расмий баёнотда.
ҚТЙнинг маълум қилишича, 5 январга ўтар кечаси 14 та йўловчи ташувчи поезд ҳаракати тўхтатилиб, йўловчилар манзилига етмай қолган.
5 январь куни тушдан кейин Олмаотадаги норозилар шаҳар ҳокимияти биносига бостириб кирди. Бунгача камида уч минг киши полиция тўсиғини ёриб ўтишга ҳаракат қилгани хабар берилганди.Бир ярим мингга яқин полициячи норозилар йўлини тўсишга ҳаракат қилиб, кўздан ёш сиздирувчи газ қўллади.
Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, мамлакат бўйлаб норозилик митингларида иштирок этган 200 киши қўлга олинди. Вазирлик Олмаота, Чимкент ва Таразда ҳокимият биноларига бостириб кириш ҳаракати бўлганини ва ҳукумат бинолари зарар кўрганини билдирди.
Ички ишлар вазирлиги норозилар ва полиция тўқнашувида 95 полициячи жароҳатланганини, 37 та полиция автомашинасига зарар етказилганини ҳам таъкидлади. Норозилар орасида жабрланганлар тўғрисида вазирлик маълумот бермади.