Қозоғистон: Олмаотада карантин чоралари кучайтирилмоқда

Олмаота паркидаги йўлак бўйлаб кетаётган эркак, 2021 йил 4 январи

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида эпидемиологик вазият ёмонлашгани туфайли карантин чоралари кучайтирилади. Бу ҳақда шаҳар бош санитар врачи Жандарбек Бекшиннинг янги қарорида айтилган. Чекловлар маданият ва савдо-сотиқ объектларига дахлдор бўлади.

Қайд этилишича, шу йил 1 февралидан Олмаотадаги театрлар ва кинотеатрлар ўз фаолиятини тўхтатади. Бу объектлар фаолиятига 2020 йил октябрига қисман рухсат берилганди.

Савдо-кўнгилочар марказлар, савдо уйлари ва тармоқлари эрталабки соат 10 дан 20 гача ишлайди, ҳордиқ кунлари эса улар ёпиқ бўлади. Озиқ-овқат супермаркетлари ва дорихоналарнинг иш вақти чекланмайди, лекин уларнинг ҳам харидор билан тўлиши 30 фоиздан ошмаслиги лозим.

Ёпиқ озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат бозорлари соат 17 гача ишлаши мумкин, шанба ва якшанба кунлари эса улар ҳам ёпиқ бўлади. Очиқ бозорлар ҳам шу тартибда ишлайди, аммо улар фақат якшанба куни ёпиқ бўлади.

Шунингдек, томоша, спорт тадбирлари, кўргазмалар, форумлар, анжуманлар ҳамда оила ва хотирлаш маросимларини ўтказишга ҳам тақиқ қўйилмоқда. Кўнгилочар муассасалар ва букмекерлик идоралари фаолияти ҳам тақиқланади.

Шу йил 27 январида Бекшин Олмаотада эпидемиологик вазият таранглигича қолаётгани, йил бошидан бери коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 3000 дан зиёд янги ҳолат қайд этилганини билдирган.

Қозоғистонда пандемия бошидан бери, расмий маълумотга кўра, коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 182 минг 530 та ҳолат қайд этилган, қурбонлар сони эса 2 минг 521 нафарга етган.