Олмаотада қорақалпоғистонлик яна бир фаол қўлга олинди

Иллюстратив сурат

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида қорақалпоғистонлик фаол Зиуар Мирманбетова қўлга олинган. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизмати қорақалпоқ диаспораси вакили Ақилбек Муратбай маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

Муратбайга кўра, Мирманбетова уйидан тутиб кетилиб, Олмаота полиция департаментига олиб борилган. Фаол бу Қозоғистонда қорақалпоғистонликлар ушлаб кетилиши бўйича тўртинчи ҳодиса эканига эътибор қаратган.

Сентябрь ойи ўрталарида Олмаотада июль ойида Нукусда рўй берган оммавий норозилик чиқишларига алоқадорликда гумонланган қорақалпоғистонлик уч нафар фаол қўлга олинган эди. Раиса Худайбергенова, Жангелди Жақсимбетов ва Қошқарбай Торемуратов «Ўзбекистондаги конституциявий тузумга тажовуз қилганлик» гумони билан ҳибсга олинган.

Июль ойининг бошида Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституциясида Қорақалпоғистон мақомининг ўзгартирилишига қарши оммавий норозилик чиқишлари хавфсизлик кучлари томонидан бостирилганди.

Ўзбекистон расмийлари берган маълумотларга кўра, 1-2 июль кунлари Нукусда тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишлари чоғида 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Бунинг ортидан 500 киши қўлга олинган.

Фаоллар норозилик чиқишлари чоғида қўлга олинганлар қийноққа солинаётганини иддао қилишмоқда.