Олмаотада руслардан Қозоғистонни тарк этишни талаб қилган ва Гитлерга “зўр йигит” деб таъриф берган маҳаллий турғун полиция томонидан қўлга олинган. Бу ҳақда КазТАГ агентлиги хабар қилди.
Полиция департаменти вакиллари миллий мансубиятга кўра таҳқирлаш ва мулоқот чоғида сўкинишдан фойдаланганлик ҳолати бўйича тергов олиб борилаётганини маълум қилишган. Шунингдек, полициячилар “бошқа фигурантларнинг хатти-ҳаракатлари ҳам ўрганилиб, уларга ҳуқуқий баҳо берилиши”ни қўшимча қилишган.
КазТАГ қайдича, аввалроқ бу вазиятга журналист Михаил Козачков эътибор қаратган. У қизнинг русларни ҳақорат қилиб, уларни “ёввойи ўтлар” деб атагани ва уларсиз яшаш енгилроқ бўлишига оид видеоларини ёйинлаган. ТикТок тармоғида олингани айтилаётган бу видеоларда олмаоталик қиз яна Гитлерни “зўр йигит” (“красавчик”) деб, Иккинчи жаҳон урушида СССР қўшинлари сафида жанг қилган қозоқларни эса “пахталик” (“ватник”) деб атаган.
Козачковга кўра, бу видео унинг ботига йўлланган. “Видеога берилган шарҳда Марал Жалелова деган бир қиз ТикТокда миллатлараро мавзуда ўз мулоҳазаларини баён қилишга журъат қилибди. Биз учун қизиқ бўлгани – унинг сўзларида Жиноят кодексининг 174-моддасида (ижтимоий, миллий, ирқий, табақавий адоват қўзғатиш) кўзда тутилган жиноят унсури йўқмикин?”, деб ёзган журналист.