Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида экофаоллар гуруҳи “АЭС керак эмас” платформасини тузишганини эълон қилишди. Улар платформа орқали жамоатчиликка атом электр станцияси қурилишига қарши чиқаётган қозоғистонликларнинг далилларини етказишни ҳамда мазкур қурилиш хавфи ҳақида фуқароларни хабардор қилишни ният қилишган, дея хабар қилди Озодликнинг қозоқ хизмати.
Ўнинчи сентябрь куни Олмаотада ўтказилган матбуот анжуманида фаоллар, олимлар ва экологлар Қозоғистон АЭС қурилиши учун технология етказиб бериши мумкин бўлган хорижий давлатга бевосита қарам бўлиб қолиши мумкинлигини билдиришган.
АЭС қурилишига қарши платформани биолог ва “Голдман” халқаро экология мукофоти лауреати Қайша Атаханова, энергетика бўйича эксперт Асет Науризбаев, экологик ҳуқуқ ва иқлим бўйича эксперт Вадим Ни, сиёсатшунос Асель Изтаева ва эколог Гулсум Какимжановалар тузишмоқда.
Вадим Ни АЭС қурилиши ғояси ортида фақатгина сиёсат кўраётганини билдирган. У референдумга “Аҳоли АЭС қурилишини дастаклайдими ёки йўқ?” деган масалагина олиб чиқилаётганини, қозоғистонликларга атом станцияси қурилишини кимга топширишни танлаш ҳуқуқи берилмаётганини қайд этган.
“Аввалроқ Россия, Хитой, Франция ва Жанубий Корея аризалари кўриб чиқилаётганини билдирган мамлакат расмийлари бу борада қозоғистонликлар фикрини сўрамасдан, ўзлари шартнома тузишади”, деган Вадим Ни.
Экологлар Балхаш кўли соҳилида АЭС қурилиши экотизимга тузатиб бўлмайдиган зарар етказишига шубҳа қилишмайди.
“Ҳатто референдум бизнинг фойдамизга ҳал бўлмаса ҳам, Қозоғистонда АЭС қурилиши тарафдорлари узоқ йўлни босиб ўтишлари керак бўлади ва бу йўлда биз мухолифларимиз устидан ғалаба қозониш ниятидамиз, чунки Балхаш кўлида Чернобил ва Фукусима фожиаси такрорланишига йўл қўёлмаймиз”, деган Вадим Ни.
Қайша Атаханова радиоактив чиқиндиларни сақлаш муаммоси ҳал этилмаганига эътибор қаратган.
Асет Науризбаев Қозоғистонда электр энергияси танқислигига оид иддаолар ҳақиқатга тўғри келмаслигига амин. У Энергетика вазирлигида Қозоғистон энерготизимини АЭСсиз ҳам ривожлантириш мумкинлигига оид сценарийлар борлигини қайд этган. Шамол ва қуёш дохил қайта тикланувчи тоза энергия манбалари муҳимлиги ҳақида гапирар экан, Науризбаев электр энергияси ишлаб чиқариш учун гидроресурслар мисолини келтирган.
“Бизнинг мамлакатда Бухтармин, Қапчиғай, Шулби ва Мўйноқ сув омборлари каби энергия йиғувчилар фаолият олиб бормоқда ва биз улар билан ишлашни биламиз. Шунинг учун ҳам биз яна 10-20 йил бу борада умуман муаммога дуч келмаймиз”, деб ҳисоблайди Науризбаев.
Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ўтган ҳафта бошида Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум 6 октябрь куни ўтказилишини эълон қилган. Парламентда қилган чиқишида у “глобал миқёсда энергия танқислиги ортиб бораётгани”ни айтиб, “Биз ишончли ва экологик жиҳатдан тоза энергия манбаларига ўта муҳтожмиз”, дея билдирган.
“Менинг фикримча, атом энергетикасини ривожлантиришга катта диққат-эътибор қаратиш зарур. Генерациянинг бу тури мамлакат иқтисодиётининг тез ўсиб бораётган эҳтиёжларини сезиларли даражада қондиришга қодир”, деган Тоқаев.
Ёзда Қозоғистон шаҳарларида расмийлар томонидан АЭС қурилиши бўйича жамоатчилик тинглови шаклида учрашувлар ўтказилган, бу учрашувларда Энергетика вазирлиги ва таклиф қилинган экспертлар энергия танқислигининг олдини олиш зарурлиги ҳамда атом генерациясининг ижобий жиҳатларидан баҳс этишган.
АЭС қурилишига қарши бўлганлар эса атом электр станцияси мамлакатни улкан қарз ботқоғига ботириши, экологик хавфсизлик ва аҳоли саломатлиги учун хатар туғдириши ҳамда мамлакатни технология етказувчи давлатларга қарам қилиб қўйиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.