Россиядаги Ёқутистон Республикасида жорий йилда ер юзида қайд этилган энг йирик ўрмон ёнғинлари содир бўлмоқда.
АҚШда эса бу йилги мавсумнинг энг йирик ёнғинлари Калифорния штатида содир бўлмоқда. Калифорниядаги ёнғин қарийб 3 000 квадрат километр майдонни қоплаб олган бўлиб, бу Люксембург майдонига тенг.
Саха номи билан ҳам маълум бўлган Ёқутистондаги тайга ёнғинларининг умумий майдони бундан 10 баробарга каттадир.
“Greenpeace” экологик гуруҳи маълумотларига кўра, бу йил бутун Россия бўйлаб 170 000 квадрат километрдан зиёд майдон ёниб кетган. Бу АҚШнинг Флорида штатига тенг келадиган майдон. 2021 йилги ёнғинлар сўнгги ўн йилликда ва, эҳтимол, Россиянинг бутун тарихида қайд этилган энг даҳшатли ёнғинларга айланмоқда.
Ёнғин мавсуми яна бир неча ҳафта давом этади.
Ёнғинлар кўлами қанчалик катта?
Сўнгги маълумотларга кўра, Россия бўйлаб 300 га яқин ўрмон ёнғини юзага келган; энг катта ёнғин Ёқутистонда, тахминан, Аргентина майдонига тенг келадиган ҳудудда содир бўлмоқда.
Ушбу ҳудуднинг катта қисми зич тайгалар билан қопланган. Тайгалар кенг бўлиб, уларда деярли ҳеч ким яшамайди. Йиллик ёнғин мавсумида бу ўрмонларда тез-тез ёнғин келиб чиқади.
Аммо бу йилги мавсум ўзгача кечмоқда. Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, 24 августга келиб ўрмон ёнғинлари 1 300 квадрат километр майдонни қамраб олган.
Бу июль ойининг бошидаги вазиятга солиштирганда тахминан икки бараварга кичикроқ.
Бу орада Ёқутистондан 3 800 километр узоқликдаги Екатеринбург шаҳри яқинида, шунингдек, Россия шимоли-ғарбидаги Карелия Республикасида ҳам ўрмон ёнғинлари чиққан.
Ёқутистондаги ёнғинларнинг тутуни шу қадар кенг тарқалганки, тадқиқотчилар биринчи марта тутун Шимолий қутбга етиб борганини қайд этишган.
Ёнғинлар иқлим ўзгариши билан боғлиқми?
Сўнгги бир неча йил давомида Шимолий Сибирда ёз ҳароратлари ғайриодатий даражада юқори бўлди.
2020 йил айниқса мисли кўрилмаган бўлди. Ўртача ойлик ҳарорат 1981 йилдан 2010 йилгача қайд этилган ўртача ҳароратдан 10 даража юқори бўлди. 2020 йилнинг июнида Якутскдан 675 километр шимолда жойлашган Верхоянск шаҳрида Арктикадаги энг юқори ҳарорат қайд этилди: 38.2 даража.
Америка метеорология жамияти дунё бўйлаб ўзгараётган иқлим ҳақида жорий ойда эълон қилган ҳисоботда қайд этилишича, 2020 йилда Арктика ва Сибирда "жуда катта ҳарорат аномалиялари" кузатилган.
Турли давлатлардаги олимлар гуруҳи Сибирда узоқ давом этаётган иссиқ ҳаво инсон таъсири туфайли юзага келган иқлим ўзгаришисиз содир бўлмаган бўларди, деган хулосага келди. Олимлар хулосалари июнь ойида "Иқлим ўзгариши" (Climate Change) журналида чоп этилди.
Ёқутистон Республикаси раҳбари Айсен Николаев бу хулосани тўғри, деб билади.
Николаев 21 июль куни телевидение орқали намойиш этилган интервьюсида бу йилги ёз "ХIХ аср охиридан бери кузатилган энг қуруқ ва энг иссиқ ёз" бўлганини айтди.
Кремль нима деяпти?
Кўп йиллар давомида Кремль иқлимшунослар хулосаларини, хусусан, иқлим ўзгариши хавфини кичрайтириб кўрсатишга уриниб келди.
2018 йилда Москвада бўлиб ўтган халқаро бизнес-форумда Россия президенти Владимир Путин иқлим ўзгариши инсонлар таъсирида содир бўлаётганини шубҳа остига олди. У иқлим ўзгараётганини "глобал характердаги ўзгаришлар, космик ўзгаришлар, галактикадаги кўзга кўринмас ҳаракатлар" билан изоҳлаш мумкинлигини тахмин қилди.
Бундан ташқари, Кремль иқлим ўзгариши Россиянинг бир пайтлар муз билан қоплаб турган Арктика минтақасига ижобий таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтиб келади. Музнинг эриши минтақада юк ташишни ҳамда нефть, газ ва бошқа фойдали қазилмаларни излашни осонлаштиради.
Баъзи расмийлар ўрмонлар шимолга чекиниши ва абадий музлик экин майдонига айланиши билан мамлакат қишлоқ хўжалиги кўлами ошишини башорат қилган.
Бунга қарамай, Путиннинг риторикаси ўзгара бошлади.
Ўтган ой юқори лавозимли амалдорлар иштирокида ўтказилган видеоанжуманда Путин жорий йилда Россияда кузатилаётган табиий офатлар сонига алоҳида эътибор қаратди.
"Буларнинг барчаси асосан иқлим ўзгариши билан боғлиқ – ҳам глобал миқёсдаги, ҳам мамлакатимиздаги", деди у.
Бир ҳафта ўтгач, у Сибирь ўрмон ёнғинларини "мисли кўрилмаган" деб атади. Шунингдек, у жанубий Сибирнинг бир қисмида содир бўлаётган ғайриодатий сув тошқинларига эътибор қаратди.
Россия расмийлари, шунингдек, абадий музлар эриши Арктика инфратузилмаси учун хавф туғдириши, жумладан, нефть қувурлари ёрилиши ёки кўп қаватли уйларнинг пойдевори чўкиши ҳақида огоҳлантира бошладилар.
Бу йилги "Бевосита мулоқот" теледастурида Россия президенти иқлим ўзгариши фани борасида шундай деди:
"Бу иқлим ўзгариши ва глобал исиш билан боғлиқ энг долзарб ва мунозарали мавзулардан бири. Кўпчилик бу асосан инсон фаолияти, атмосферага ифлослантирувчи моддалар, асосан карбонат ангидрид чиқарилиши билан боғлиқ, деб ишонади ва бунга асос бор".
"Бу тўғри ёки нотўғри бўлиши мумкин, лекин биз, албатта, глобал миқёсдаги, жумладан, коинотдаги ўзгаришларга ўз ҳиссамизни камайтириш йўлида қўлимиздан келганича ҳаракат қилишимиз керак", деди у.
Россия 2019 йилда Иқлим тўғрисидаги Париж битимини имзолаган, бироқ мутахассислар Москванинг 2030 йилгача иссиқхона газлари чиқиндиларини 1990 йилга солиштирганда 30 фоизгача камайтириш режаси етарли эмас, деб ҳисоблайди.
Ўрмон ёнғинлари масаласида эса экологик гуруҳлар Кремль ва маҳаллий ҳукуматлар тезроқ чора кўришлари кераклигини айтмоқда.
Вазият бундан ҳам ёмонлашиши мумкинми?
Баъзи ҳисоботларга кўра, Ёқутистон ёнғинлари аллақачон атмосферага 800 миллион тоннага яқин карбонат ангидридни чиқарган бўлиши мумкин.
Агар глобал иқлим исишда давом этса, Россияда янада каттароқ ўрмон ёнғинлари, қурғоқчилик ёки сув тошқинлари тез-тез содир бўла бошлайди.
Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро гуруҳ ҳисоботига кўра, Россия ва Арктиканинг бошқа минтақаларидаги абадий музлар 2050 йилга бориб музлашдан бутунлай тўхташи мумкин. Бунинг ортидан эса катта миқдорда углерод ва метан ажралиб чиқади.
Метан иқлим учун карбонат ангидрид газидан ҳам хавфлироқдир.
Европа Комиссиясининг иқлим мониторинги агентлиги ҳисобланувчи Коперник атмосфера мониторинги хизматининг ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йилда Сибирь ва Арктикадаги бошқа ёнғинлар натижасида атмосферага рекорд даражадаги 540 миллион тонна карбонат ангидрид ажралиб чиққан.
Иқлим исиши Россия қишлоқ хўжалиги учун қўл келади, деган фикр эса хато, чунки ҳарорат кўтарилиши ортидан Россияда қурғоқчилик кўпроқ кузатилиши мумкин, натижада буғдой ва маккажўхори каби асосий экинлар ҳосили камайиши мумкин. Қолаверса, иқлим ўзгариши ортидан экинга зиён келтирувчи зараркунандалар тобора жиддий муаммога айланишини кутиш мумкин.