Ўзбекистонда олтин-валюта захираси апрелдан бошлаб камая бошлади. Марказий банкнинг билдиришича, Ўзбекистоннинг расмий захира активлари сентябрь ойида 32 миллиард 690 миллион 100 минг долларни ташкил қилган эди. Бу августга нисбатан 1,65 миллиард долларга оздир.
Бундан олдин жаҳонда COVID-19 пандемияси авж олган 2020 йилнинг 1 апрелида энг паст кўрсаткич бўлган. Ўшанда захиралар 31,27 миллиард доллар экани расман билдирилган эди.
Марказий банк маълумотларига таянилса, сўнгги олти ой давомида олтин-валюта захираси камайиб бормоқда. 2023 йил бошидан 1 октябргача Ўзбекистоннинг захиралари 4,73 миллиард долларга озайган.
Марказий банк 2023 йилнинг тўққиз ойида олтин захиралари деярли 12,4 тоннага камайганини тан олган.
Ҳисоботда таъкидланишича, олтин-валюта захираси камайишига асосан савдо тақчиллиги ва ўзбек сўмининг қадрсизланиши сабаб бўлган. Масалан, январь-август оралиғида салбий савдо сальдоси 7,17 миллиард долларни ташкил қилган. Айни вақт оралиғида ўзбек сўми 8,73 фоизга қадрсизланган.
Олтин-валюта захираси ҳар бир мамлакатнинг “қора кун”га асралган мулки бўлиб ҳисобланади.