"Қонга чўмилган Путин". Россия президентининг Олтойдаги "дача"си ёниб кетди

Олтойдаги "Путин дачаси".

Тоғли Олтойда ерли халқ “Путиннинг дачаси” деб атайдиган мажмуанинг битта биноси ёниб кетди. ФВВ журналистларга изоҳ беришдан бош тортди, маҳаллий ОАВ ва каналлар ўзини билиб билмаганга солмоқда.

Ҳодиса ҳақида олтойлик ҳуқуқ фаоли Аруна Арна ҳамда Россия армиясини “обрўсизлантиргани” учун жиноий таъқибдан қочиб чет элга кетишга мажбур бўлган журналист, “Аксилкоррупция қўмитаси” лойиҳаси раҳбари Амир Айташев ёзишди, холос. Улар ёнғин фотосуратларини ҳам эълон қилишди.

Ҳамманинг оғзида бир гап: дача ёнган эмиш

Сростки қишлоғи – Олтой ўлкасидаги охирги аҳоли маскани. У ёғига Олтой Республикаси ва машҳур Чуй йўли бошланади. Василий Шукшин туғилган бу қишлоқда ҳар йўловчи албатта тўхтаб ўтади. Йўл ёқалаб ўнлаб емакхона, ёқилғи шохобчалари ва бир нечта бозорча жойлашган. Жума куни эрталаб бозорда одам сийракроқ бўлди. Сайёҳлар одатда тушдан кейин келишади. Лекин сотувчилар зерикиб қолишмади. Ҳамма асосий янгилик – “Олтой работи”даги ёнғинни муҳокама қилмоқда, бу дача Сросткидан тахминан 200 чақирим нарида.

“Симдан ўт чиққан. Ёзги турбазалар очилди, одам кўп, тармоқ кўтара олмай, қисқа туташув юз берган”, дея ўз тусмолини ўртага ташлайди асал ва ёнғоқ солинган банкаларни артаётган сотувчи аёл.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

“Ҳақиқий ўзаро дўстлик”. Путин Ўзбекистонда қолиб кетди

“Нималар деяпсан?! У ернинг алоҳида линияси бор! У ерда ҳамма шароит олиймақом, оддий одам учун қилинмагани аниқ, – баҳслашади хонаки вино шишаларини пештага тераётган бошқа сотувчи. – Йўқ! Менимча, улар национализациядан қўрқишган, ёки У Манжерокка (Олтойдаги тоғ-чанғи курортига – Таҳр.) борсин деб шунақа қилишган. Греф у ерга бекорга шунча пул сарфламаяпти-ку”.

Олтойликлар “У” деганда Владимир Путинни назарда тутишади. Ерли аҳоли айтишича, Тоғли Олтойда унинг расмий қароргоҳлар сирасига кирмайдиган дачаси бор.

“Чемал посёлкасида (Тоғли Олтойдан 60 км жанубда – Таҳр.) “Мария ороли” номли чорбоғ-клуб бор, илгари ёпиқ эди, фақат казо-казолар дам оларди. Шу ерлик шомонга тушида аён бўлишича, у одамга куч берадиган мўъжизавий жой экан. Бу гап бир врачга етиб боргач, у ерда экокурорт ташкил қилишди: сиёсатчилар, юлдузлар даволанадиган бўлди. Путин ҳам даволанган. Буғу шохи ваннасида. Биласизми, нима бу? Ёш морол (Сибир буғуси) қони, аниқроғи, унинг шохидан сизиб чиқадиган қон солинган махсус ванна. Айтишларича, соғлиқни ва эрлик қувватини тиклашга ёрдам берармиш. Лекин арзон нарса эмас бу. 15 дақиқалик битта муолажа 10 минг туради. Путин бир марта даволаниб фойдасини сезгач, вақти-вақти билан мана шунақа муолажа қилдириш учун ўша дачани қурдирган экан”, дейди сотувчи Татяна Кергилова (исм-фамилия ўзгартирилган).

“Тоғларни қўпориб қурилган дача”

“Дача ва унга элтадиган йўлни қуриш учун катта-катта тоғ участкаларини портлатиб, йўқ қилишди. Палахсалар техникада ташиб кетилди. Энг ёмони, қабрларни яксон қилишди. Скифлардан қолган 2,5 минг йиллик қабрларни. Қанчадан-қанча скелетлар юзага чиқиб қолганини кўрганман”, деганди 2010 йилда Озодлик радиоси билан суҳбатда Тоғли Олтойнинг “Листок” газетаси бош муҳаррири Сергей Михайлов.

Дарвоқе, Михайлов “Россия армияси обрўсини тўкди” деган айб билан 2022 йилдан бери қамоқда ўтирибди. Ўша кезлар, маҳаллий кенгаш депутати бўлганида турли идораларга шикоятлар ёзган. Прокуратурадан келган жавоб хатида шундай дейилган эди: “Жами 1426 кв.метр майдондаги 23 та археология объекти йўқ қилинган. 936 кв.метр майдондаги 16 объектга зарар етган. Қурилиш ишлари маданий мерос объектларини қўриқлашга масъул давлат органи – Маданият вазирлиги розилигисиз олиб борилмоқда. Қўриқланадиган ёдгорликлар мавжуд ҳудудда ер қазиш ва қурилиш ишларини олиб бориш тақиқланганига қарамай, федерал ва Олтой Республикаси қонунчилигида бунинг учун маъмурий жавобгарлик кўзда тутилмаган...”

Аввалига маҳаллий ҳукумат йўл туризмни ривожлантириш учун қурилаётганини иддао қилди. “Йўл қурилса, сайёҳларнинг Урсул ва Сумулта дарёлари бўйидаги хушманзара тоғли жойларга бориши осонлашади. Бу умумий фойдаланувдаги йўл бўлади: сайёҳларга ҳам, ерли аҳолига ҳам хизмат қилади”, дейишди. Аммо қурилиш битгандаёқ маълум бўлдики, бу гаплар бари ёлғон экан.

Йўлнинг ҳар километри бюджетга 200 млн рублга, бутун участка эса 4 млрд рублга тушди. Қиёслаш учун ўша йиллар бутун республика бюджети бор-йўғи 9 млрд эди. Бир неча журналист бу йўлдан ўтишга ҳаракат қилиб кўришганида уларни биринчи шлагбаумдаёқ орқага қайтариб юборишди. Бошқа сафар эса бир неча газета мухбирлари пиёда ўтишга уриниб кўрадилар. Бироқ тез орада машина етиб келиб, ичидан “уч барзанги”тушади. “Улар бизга шундай қарадики, қўл-оёғимизни синдиришса ҳам осон қутулган бўламиз, деб ўйладик. Шундай бўлса-да, базўр юрак ютиб савол бердик: нега бу ердан ўтиш мумкин эмас?.. Барзангилардан бири ўқрайиб деди: Бу махсус қўриқланадиган жой, давлатнинг энг юқори раҳбарлари учун...”, деб ёзганди 2012 йилда ўша “саргузашт”да қатнашган “Ридус” нашри журналисти.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Путин Тошкентда: нега ҳозир ва нега айнан Ўзбекистон?

Томскнинг ТВ-2 телеширкати журналистларига омад кулиб боқади. Улар қароргоҳни ўз кўзлари билан кўришга муваффақ бўладилар.

“У пайтлар “Путиннинг кошонаси” деган ибора ҳали пайдо бўлмаган, лекин Чуй трактидан ўша “Олтой работи”га катта пул сарфлаб махсус йўл солингани ва ҳар ерга блок-постлар қўйилгани ҳақидаги гап-сўзлар шунга қараб бораётганди. Биз буни текширишга қарор қилдик, – дейди журналист Андрей Филимонов. – Бизга ўша пайтлар депутат бўлган Сергей Михайлов ёрдам берди. Бирга Онгудайга жўнадик, чунки “работ” худди ўша ерда, Олтой Республикасининг қоқ марказида жойлашган. Биринчи постда Михайлов депутатлик гувоҳномасини кўрсатди, бизни ўтказиб юборишди. Иккинчи постда эса тихирлик қилишди. Шунда биз Олтойдаги яримвайрона бир қишлоқ номини айтиб, ўша ерга қариндошларни кўргани боряпмиз, дедик. Рухсат беришди, лекин: “Йўлда тўхтаманглар, ўнг томонга қараманглар”, деб тайинлашди. Аммо биз, албатта, тўхтадик, суратга олдик. Қароргоҳ иккита корпус, хўжалик блоки ва вертолёт майдончасидан иборат эди. Ер остида нималар борлигини, табиийки, билмаймиз. Айримлар Путиннинг бункери бор, дейишади. Қайдам. Обдон суратга олгач, соқчиларда шубҳа туғдирмаслик учун, қишлоққа бордик ва у ернинг одамлари билан бир оз суҳбатлашиб, изимизга қайтдик. Михайлов айтишича, Олтой Республикасининг ўша пайтлардаги раҳбари Александр Бердников нимадир қилиб Кремлнинг ғазабига йўлиққан ва “гуноҳи”ни ювиш учун маҳаллий бюджет пулига “Олтой работи”гача йўл қуриб берган экан. Биз буни туман маъмуриятидан суриштирмоқчи бўлдик, бироқ кимга микрофон тутмайлик, гапнинг учини чиқаришимиз билан қочиб кетарди”.

2010 йил 14 майда сенатор Ралиф Сафин регионал парламент сессиясида сўзлаган нутқида “олтойликлар хурсанд бўлишлари керак, чунки бу объект мамлакат олий раҳбарятининг қароргоҳи бўлади”, дейди. Эртаси куни ўтказилган матбуот анжуманида эса республика раҳбари Бердников “Урсул дарёси ёқасида ростдан ҳам Путиннинг дачаси қуриладими?” деган саволга “бўлмаган гап, миш-миш” деб жавоб беради. “У ерда “Газпром” базаси ва санаторий бўлади”, дейди у.

Кўп ўтмай “мулк эгаси”дан ҳам садо чиқди. “Газпром” ширкати “Работ” қароргоҳи ҳамкорлар билан учрашувлар, корпоратив тадбирлар ва ажнабий меҳмонларни қабул қилиш учун қурилаётганини эълон қилди. Ерни илгари ўша ҳудудда фаолият юритган буғучилик фермасининг шуъбаси сотиб олган эмиш. Жойнинг қўриқланадиган табиий ҳудуд мақоми бўлмаган эмиш. Ниҳоят, объектга жами 1,5 млрд рубл инвестиция киритилиши айтилди.

“Турбазадаги коттежлар қурилишида ишлаганман. Ўзим Томскдан, бу ерга ишлагани келиб тураман. Бир дам олиш кунида йигитлар бирга ўрмонга жўнадик. Илгари шу атрофда Путиннинг дачаси бор, деган гапларни эшитганман. Кетяпмиз. Бирдан икки қаторли, чизиқлар тортилган йўл чиқибқолди. Олтойда бўлганлар биладики, бу ерларда Чуй трактидан бошқа асфалт йўл йўқ. Ҳайрон бўлиб турсак, ернинг тагидан чиққандек қаршимизда икки соқчи пайдо бўлди: ҳарбийча кийинган, лекин бирон таниқ белгиси йўқ. Бизга орқага қайтинглар, деб дўқ қилишди. Қўрқиб турган бўлсак ҳам сўрадик: бу атрофдаги президентнинг дачаси борми, деб. Биттаси бош ирғаб қўйди”, дея ҳикоя қилади “Сибир.Реалии” билан суҳбатда Михаил Паршуков (исм-фамилия ўзгартирилган).

“Охиригача сир тутилди”

Ушбу ҳудуд иқлими юмшоқ – март ойидан ҳаво илийди, ноябрда ҳатто офтобда қорайиш мумкин, қишда эса қор ёғмайди ҳисоб. Сумулта қўриқхонаси гўзал жойлар бўлгани билан бориш жуда қийин бўлгани учун ҳувиллаб ётади: тузукроқ йўл йўқ, қайиқда бориш учун эса махсус рухсат олиш керак. Сунъий йўлдош тасвирларига қараганда, “Работ” дарё қирғоғида, Катун дарёси Урсул ва Сумулта билан қўшилиб кетган жойда қурилган. Қароргоҳ мажмуаси иккита бино, учта вертолёт майдончаси, теннис корти, отхона, бир нечта автотураргоҳ, қайиқлар тураргоҳи ва кичик электростанциядан иборат (биз сўраган мутахассислар бунақа электростанция 5000 кишини электр билан таъминлай олишини айтишди – таҳр).

“Работ”нинг бош корпуси ва хўжалик бинолари итальян меъморлари томонидан шарқона услубда ишланган. Деворлар – Олтой тилоғочидан, безакларда табиий материаллар қўлланилган. Чўпкори эшик ва деразалар ишлаб чиқарувчи бир ширкат сайтида ушбу қароргоҳ ичи ва ташқарисида олинган бир неча сифатли фотосурат бор.

Мавзуга алоқадор Навальний жамоаси “Путиннинг саройи” фотосуратларини эълон қилди

Мажмуада тевараги иҳоталанган дарахтзор ва буғучилик фермаси мавжудлиги, буғулар – қонида Путин чўмилиши учун боқилиши айтилади. Айрим маълумотларга кўра, Путиннинг бункери ҳам шу ерда. Ерли аҳоли бункерни минг кишигача одамга мўлжалланган, дея нақл қилади. Дача билан боғлиқ бошқа ривоятлар ҳам бор.

“Овчилар ўша дачани кўришибди, у ўрмоннинг кўздан пана жойида экан. Вертолётда Кабаевани олиб келшибди. Кабаева вертолётдан тушмасданоқ оёқларини кериб “растяжка” қилганмиш” – шунақа ривоятлардан бирини сўзлаб беради олтойлик Алтайч Казанцев (исм-фамилия ўзгартирилган).

Камида бир марта, 2015 йили Путин бу ерда Италия бош вазири Силвио Берлускони билан дам олган. Улар уч сутка бўлишган: балиқ овлашган, Катун бўйида айланишган, Олтой миллий таомларидан ейишган, “Урсул” номли Олтой халқ хореография ансамбли концертини томоша қилишган. Концерт ҳақида ижтимоий тармоқларда Олтой Республикаси хизмат кўрсатган маданият ходими Лейла Малчиева шундай ёзган эди:

“Бугун президент Путин ва Италия собиқ президенти Берлусконилар ҳузурида концерт қўйдик. Олтойча қўшиқ ва рақслар ижро этилди. Улар концертдан олдин биз билан саломлашишди, кейин эса Владимир Владимирович бизга раҳмат айтиб, мақтади, ҳатто “Браво!” деди”.

Малчиева ёзишича, уларни юқори мартабали меҳмонлар келишига олдиндан тайёрлаганлар: “Икки ҳафта ҳозирлик қилинди, бизнинг маълумотларимизни ўрганишди, тавсифномалар олинди. Биз президент олдида чиқиш қилишимизни билмасдик ҳам. Охиригача сир тутишди. Концертгача сўнгги икки кунни қароргоҳда ўтказдик”.

Бу маълумотларни кейинроқ Берлускони ижтимоий тармоқларда тасдиқлади. Путиннинг Олтойга сафари ҳақида унинг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам маълум қилган эди. Ўша меҳмоннавозликдан сўнг маҳаллий аҳоли “Работ”ни “икки хоналик отел” деб атай бошлади. 2019 йилда ОАВ президент “куч йиғиш учун” яна дачага келгани ҳақида ёзган эди. 2021 йилда журналистларни ахийри у ерга киритишди, тасвирга олишларига ҳам қўйиб беришди. Қўриқчилардан бири эса саволларга жавобан ҳазил қилиб: “Газпром”га ишга кирсангиз бу ерда текинга дам оласиз”, деб жавоб берган эди.

30 май куни эса интернетда дача асосий биноси фотосуратлари пайдо бўлди. Уларни Амир Айташев ва Аруна Арна эълон қилишди, уларга олтойлик танишлари юборган экан. Журналистлар суратлардан биноларга ишлов берилгани изларини топа олишмади. Ёнғир сабаблари ва оқибатларига доир бирон маълумот йўқ. ФВВ эса изоҳ бермаяпти. Ҳозир Яндекс-картада Олтой Республикаси, 84К-93 манзилини ёзсангиз: “Газпром”нинг “Олтой работи” санаторий-курорт мажмуаси ортиқ ишламайди”, деган маълумот чиқади.

Озодлик радиоси Россия ҳукумати жиноий таъқиб этиши мумкинлигини ҳисобга олиб, мақола муаллифи исмини очиқламасликка қарор қилди.