Омбудсман орган ходимлари босими бўйича ўнлаб мурожаатни ўрганди

Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 10 ойи мобайнида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсман) ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган фуқароларга нисбатан руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилгани юзасидан 158 та шикоят келиб тушган.

Омбудсманнинг матбуот хизмати қайдича, бу шикоятларнинг 14 таси юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қабул қилинган қарорлар юқори турувчи прокурорлар томонидан бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ўтказилиши белгиланган.

Прокуратура олиб борган терговга қадар текширувларда 52 та мурожаатдаги даъволар тасдиқланмаган.

62 та шикоят юзасидан эса терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.

Шикоятларни кўриб чиқиш натижасида 10 нафар ходимга нисбатан интизомий таъсир чораси қўлланган. 3 та ҳолатда ходимларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Омбудсман ҳисоботида маҳбус ва маҳкумларга руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганига доир тафсилотлар очиқланмаган.

Мамлакат қонунчилигига мувофиқ, гауптвахта, махсус қабулхона, вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, тергов ҳибсхонаси, жазони ижро этиш муассасаси, интизомий қисм ва мажбурий даволаш муассасалари ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлар деб аталади.

Озодлик аввалроқ халқ орасида “Тоштурма” номи билан танилган ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Марказий тергов ҳибсхонаси камераларида белгиланган меъёрдан ортиқ маҳбус сақланаётгани, маҳбусларнинг соғлиғи борасида етарлича қайғурилмаётгани, тиббий хизмат талаб даражасида йўлга қўйилмагани каби масалаларга масъуллар эътиборини қаратганди.

Жорий йил июнь ойида Тошкент вилояти Бекобод шаҳри ИИБ биносига олиб борилган 43 ёшли эркак вафот этгани ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Расмийларга кўра, фуқаро ички ишлар идорасига кириш йўлагида соғлиғи ёмонлашгани оқибатида вафот этган. Фаоллар эса эркакнинг ўлимига ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани сабаб бўлганини билдиришган.