Ўзбекистонга хориждан келаётганлардан камида 48 соат олдин топширилган ПЗР тест талаб қилинади

Республика махсус комиссиясининг қарори билан 2022 йил 15 январдан бошлаб Ўзбекистонга кириб келишда янги тартиб жорий этилмоқда.

Янги тартибга асосан, хорижий давлатлардан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчилар келишидан камида 48 соат олдин топширилган коронавирус инфекциясига ПЗР тест натижаси бўйича манфий кўрсаткичли маълумотга эга бўлиши шарт.

Бундан ташқари коронавирус инфекциясига ПЗР тест натижаси бўйича манфий кўрсаткичга эга маълумотнома бўлмаганда, аэропорт, темир йўл вокзаллари ва чегара ўтказиш пунктларида ташкил этилган коронавирус инфекциясига экспресс тест топшириш лозим бўлади.

Вазирлик, идоралар ва бошқа давлат ташкилотлари ҳамда хўжалик бирлашмаларида мамлакатда амал қилаётган карантин чекловлари шароитида аҳоли саломатлигини таъминлаш, эпидемиологик вазият барқарорлигини сақлаш мақсадларида турли тадбирлар ташкил этиш тақиқланди.

Бундан олдинроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги 7 январда Ўзбекистонга хориждан кириб келган шахсда коронавируснинг Omicron штамми аниқлангани ва шу муносабат билан эҳтиёт чоралари кучайтирилганини билдирган эди.