Омикрон Хитойда бўлиб ўтадиган Қишки Олимпиада ўйинларига соя солмоқда

Хитой яқинлашиб келаётган Қишки Олимпиада ўйинлари иштирокчиларини “ёпиқ доирага” олиб, коронавирус тарқалиши олдини олишни режалаштирмоқда. Аммо вируснинг ўта юқумли омикрон штамми Пекиннинг янги COVID-19 ўчоғи пайдо бўлиши олдини олиш уринишлари учун синов бўлиши кутилмоқда.

Мамлакатда бугунга қадар саноқли одам омикрон штаммини юқтирди. COVID-19 вируси бундан икки йил олдин айнан Хитойда, хусусан, Ухань шаҳрида биринчи марта аниқланган эди. Ўшандан бери Пекин саёҳат чекловлари ва карантинлар каби жиддий чоралар ёрдамида коронавирус кенг тарқалиши олдини олишга муваффақ бўлди.

Аммо 4 февралда бошланадиган ўйинларда қатнашиш учун 2 000 дан ортиқ халқаро спортчи Хитойга боради. Бундан ташқари, Олимпиадага яна 25 000 “манфаатдор шахс” жалб қилиниши кутилмоқда. Уларнинг кўпчилиги хориждан боради. Олимпиада ташкилотчилари айнан нечта одам ёпиқ доирада сақланишини очиқлагани йўқ.

Ўтган пайшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ташкилий қўмита матбуот котиби Ян Жиаронг ташкилотчилар режалаштирилаётган чоралар “Қишки Олимпиада ўйинлари ва Қишки Паралимпия ўйинлари хавфсиз ва белгиланган муддатда ўтказилишини таъминлашига” ишонишларини айтди.

Токиода бўлиб ўтган Ёзги Олимпиада ўйинларига солиштирганда Пекин ва қўшни Хебей провинциясидаги Чжанцзякоу шаҳарларида бўлиб ўтадиган ўйинлар давомида анча қатъий чекловлар жорий қилинади.

Ташкилотчилар ўйинларга алоқадор ходимларни маҳаллий аҳолидан тўлиқ изоляция қилмоқчи. Хорижлик иштирокчилар эса махсус транспорт ёрдамида тўғридан-тўғри ўйинлар бўлиб ўтадиган шаҳарларга учиб бориб, уни тарк этмайдилар ва ортга учиб кетадилар.

Коронавируснинг дельта варианти глобал миқёсда тарқалаётган бир пайтда бўлиб ўтган Токио ўйинлари давомида ҳам ўхшаш чекловлар жорий қилинган эди, лекин маҳаллий журналистлар ва кўнгиллилар изоляция “пуфагига” киритилдилар. Қолаверса, мамлакатда 14 кун қолган чет эллик меҳмонларга манфий тест натижалари билан шаҳарга чиқишга рухсат берилди.

Аммо олдинги штаммларга қараганда анча осон юқадиган омикрон глобал миқёсда COVID-19 инфекциялари рекорд даражада ошишига сабаб бўлмоқда ва спорт тақвимларини издан чиқармоқда.

Шимолий Америка миллий хоккей лигаси 90 та ўйинни кейинга қолдирди. Лига COVID-19 ортидан юзага келган кечиктиришлар туфайли ўз ўйинчиларини хоккей бўйича Олимпиада турнирига юбормаслигини эълон қилди. Жума куни Канада Олимпия қўмитаси бош директори ўйинлар қолдирилишидан хавотирда эканлигини айтди.

“[Ушбу штаммни] мен баъзан “спринтер” деб атайман. У жуда юқумли ва тез”, деди Лондон Университет коллежи эпидемиология профессори Ирен Петерсен.

Унинг сўзларига кўра, кузда Глазго шаҳрида бўлиб ўтган БМТ иқлим конференцияси кенг кўламли халқаро тадбирни анализлар ёрдамида юқтиришлар сонини минимал даражада ушлаган ҳолда ўтказиш мумкинлигини кўрсатди.

“Аммо у дельта даврида ўтказилди ... Омикронга ўхшаш нарсани кўрмаганмиз”, дея сўзини давом эттирди у.

Ўйин ташкилотчиларининг таъкидлашича, жорий йил бошида 2 000 га яқин хорижлик иштирокида ўтказилган тест тадбирлари Пекиннинг COVID-19 чоралари самарали эканлигини кўрсатган. Пекин синов тадбирлари пайтида спортчилар орасида жуда оз вирус юқтириш ҳолати қайд этилганини хабар қилганди.

АҚШда жойлашган Ташқи алоқалар кенгашининг глобал соғлиқни сақлаш бўйича катта илмий ходими Янчжун Хуан “Reuters” агентлигига берган интервьюсида:

“Тизим шундай тузилганки, у Хитой халқининг вирусга дучор бўлиш эҳтимолини озайтиради”, деди.

Бунга қарамай, Хуан Олимпиада ўйинлари туфайли вирус тарқалиши хавфи ошишини айтди.

“Бунинг сабаби нафақат кўпчилик вирусга дучор бўлмагани учун хитойликлар бундай эпидемияларга нисбатан заиф эканида, балки Хитой вакцинаси янги инфекциялар олдини олишда унча самара бермаганидадир”.

Хитой аҳолисининг 85 фоизга яқини асосан “Sinopharm” ва ”Sinovac” томонидан ишлаб чиқарилган Хитой вакциналари билан эмланган. 20 000 га яқин хитойлик кўнгиллининг барчаси ва Олимпия ўйинларининг ёпиқ доирасига киритиладиган бошқа шахсларнинг барчаси эмланган. Клиник тадқиқотларда хитой вакциналарининг самарадорлиги 50% дан 83.5% гача, “Pfizer” ва “Moderna” вакциналари самарадорлиги эса 90% дан юқори эканлигини кўрсатган.

Янги тадқиқотлар шуни кўрсатадики, вакциналарнинг антитана яратиш қобилияти омикрон юқтирган шахсларда олдинги штаммларга қараганда заифроқ, аммо янги штамм вакциналарнинг умумий самарадорлигига қандай таъсир қилиши номаълумлигича қолмоқда.

Токиода бўлгани каби, Пекинда бўлиб ўтадиган Қишки ўйинларга ҳам халқаро томошабинлар киритилмайди. Бундан ташқари, маҳаллий томошабинлар сони кескин чекланади.

Олимпиада иштирокчилари Пекинга махсус ташкил этилган рейсларга чиқишдан олдин қайта-қайта анализ топширишлари керак бўлади. Иштирокчилар Хитойга етиб борганидан кейин эмланиши ёки уч ҳафталик карантинга олиниши керак бўлади. Қолаверса, ҳар бир инсон ҳар куни анализ топширади.

Бироқ вируснинг инкубация давридаги ҳолатларни аниқлаш учун бундай тестларга таяниб бўлмайди. Ташкилотчилар хориждан кўп сонли иштирокчи келишини ҳисобга олиб, “маълум миқдорда” COVID-19 ҳолатлари аниқланиши кутилаётганини тан олишди.

“Агар сиз вирус юқтириши мумкин бўлган одамларни истисно қилиш учун тестлардан фойдаланмоқчи бўлсангиз, уларни остонада текширишингиз керак бўлади”, деди Петерсен.

Веллингтондаги Отаго университетининг соғлиқни сақлаш профессори Майкл Бейкер “Reuters” агентлиги билан суҳбатда бир неча мамлакатдан одам бориши ҳамда спортчилар ва ходимлар бир ерда тўпланишига қўшимча равишда юқумли ва инкубация даври қисқароқ бўлган дельта ва омикрон штаммлари вазиятни янада мушкуллаштиришини айтди.

“Натижада Олимпиада пайтида юзага келадиган эпидемияларни чеклаш қийин бўлади, вирус ўйин иштирокчилари орасида ҳамда улардан жамоатчиликка юқиши хавфи бўлади”.

Омикрон штамми ноябрь ойи бошида Африка жанубида аниқланган эди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, вируснинг ушбу варианти мутациялари сони аввал аниқланган барча штаммларникидан кўп – 32 та. Бу ўзгаришлар омикроннинг юқумлилигини ва инсон ҳужайраларига кириб олиш имкониятларини оширади.