Ўзбекистон қонунчилигига оммавий тартибсизликлар содир этиш мақсадида ўқувдан ўтганлик ва бу каби фаолиятни молиялаганлик учун бевосита жавобгарликка тортиш билан боғлиқ ўзгартиш киритилмоқда.
“Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-моддасига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 11 декабрь куни бўлиб ўтган галдаги мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилган.
Қуйи палата матбуот хизмати маълумотига кўра, лойиҳани тақдим этган бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова бугунги кунда оммавий тартибсизликлар Ўзбекистондаги “тинчликка путур етказувчи, жамият осойишталигига раҳна солувчи омил” бўлиб бораётганини таъкидлаган.
Мулозимага кўра, амалдаги қонунчиликда оммавий тартибсизликлар ташкил қилганлик, уларда фаол қатнашганлик ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга омма олдида даъват қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлса-да, оммавий тартибсизликлар содир этиш мақсадида ўқувдан ўтганлик, оммавий тартибсизликларни ташкил қилиш билан боғлиқ фаолиятни молиялаштирганлик учун тўғридан-тўғри жавобгарлик мавжуд эмас.
Ортиқованинг тақдимотидан қонун лойиҳаси ана “кемтикни тўлдириш” учун киритилаётгани англашилади.
Лойиҳа билан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-моддасида оммавий тартибсизликлар содир этиш мақсадида ўқувдан ўтганлик ҳамда оммавий тартибсизликларни молиялаштирганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф қилиняпти. БП масъули унда кўзда тутилган жазо онлайн тарздаги ўқувларда қатнашаётган шахсларга ҳам дахлдор бўлишини урғулаган. Айни пайтда у мазкур хатти-ҳаракатлар учун айнан қандай жазо чораси кўзда тутилаётганига аниқлик киритган эмас.
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-моддасида оммавий тартибсизликлар билан боғлиқ қатор ҳуқуқбузарликлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдоридаги жаримадан тортиб 15 йилгача қамоқ жазосигача бўлган жазо чоралари кўзда тутилган.
Лойиҳа депутатларда эътироз уйғотмаган, улар тақдимотчига ушбу мавзуда битта ҳам савол беришмай, ҳужжатни биринчи ўқишда қабул қилишган.
Айни пайтда қонунчиликка киритилиши кутилаётган бу ўзгартиш фуқаролик жамияти фаоллари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида турли саволларни пайдо қилган. Улар мазкур тузатиш танқидий фикрдаги шахсларни жазолаш учун қўшимча механизм вазифасини ўташи мумкинлигидан хавотирдалар.