Ўзбекистон халқини онасидан сўккан Оққўрғон тумани ИИБ собиқ ходими Аббос Сулаймонов 2 октябрь куни Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми «г» банди билан айбланиб, қамоққа олинди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Сулаймоновнинг бир аёл билан телефон орқали қилган мулоқоти аудиоси пайдо бўлган эди. Унда Сулаймонов “бутун ўзбекистонликларнинг, жумладан, оққўрғонликларнинг оналари” билан “жинсий алоқада” бўлганини қўпол сўзлар билан бир неча марта айтган ва аёлга “ўзи билан ҳазиллашмасликни ва тинчиб ўтириш”ни тавсия қилган.
Бу ёзув интернетда тарқалгани ортидан эллик нафарга яқин оққўрғонлик туман ички ишлар бўлимига келиб, онани ҳақорат қилган фуқарога қаттиқ жазо беришни сўраган.
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасининг билдиришича, 1992 йилда туғилган Аббос Сулаймонов “2022 йилда туман ИИБ профилактика инспектори лавозимига қабул қилинган. Ёш ходим кўп ўтмай хизмат фаолияти давомида ўзини салбий томондан кўрсатганлиги ва ноўрин хатти-ҳаракатлари сабабли ички ишлар органларидан бўшатилган”.
Сулаймонов қўлга олинганидан сўнг ижтимоий тармоқларда унинг Ўзбекистон халқидан кечирим сўраган видеоси эълон қилинди. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда унинг онаси ҳам кечирим сўраган видео тарқатилди.