ООК: Тошкент 2025 йилдаги Осиё ўйинларига мезбонлик қилмайди

Ўзбекистонлик спорт музоиси (иллюстратив сурат)

2025 йилдаги ёшлар Осиё ўйинлари Ўзбекистонда эмас, Баҳрайнда ўтказиладиган бўлди. Бу ҳақда Осиё Олимпия кенгаши матбуот хизмати маълумот тарқатди. https://oca.asia/news/5716-oca-approves-bahrain-to-host-asian-youth-games-2025-after-uzbekistan-withdraws.html

Қайд этилишича, ООК ижроия кенгашининг 2 декабрдаги мажлисида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Тошкентдаги Олимпия шаҳарчаси қурилиши кўзланган муддатда якунланмагани учун ўзбек расмийлари 2025 йил сентябрига режаланган Осиё ўйинларини ўтказа олмасликлари ҳақида хат йўллагани маълум бўлган.

ООК бош директори Ҳусайн ал-Мусаллам 2025 йилдаги ёшлар Осиё ўйинлари 2026 йилда Дакарда ўтказиладиган ёшлар Олимпия ўйинлари билан боғлиқ экани, шунинг учун ҳам кейинги йилдаги ўйинларни ортга суриб бўлмаслигини билдирган.

Бу орада Баҳрайн Олимпия қўмитаси 2025 йилги Осиё ўйинларини ўтказишга тайёрлигини билдирган ва шу тариқа мазкур спорт тадбири Баҳрайнда ўтказиладиган бўлган.

Айни пайтда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси томонидан бу борада тарқатилган хабарномада “пандемиядан кейинги чекловлар сабабли Олимпия шаҳарчаси қурилиши учун зарур воситалар етказиш жараёнида узилишлар кузатилгани ва фойдаланишга топшириш муддати кечикишини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон томони ООКдан мусобақани яна бир йилга суришни сўрагани”, бироқ “Олимпия спорт турларидаги беллашувлар келгусида Дакар-2026 ўсмирлар ёзги Олимпия ўйинларига саралаш вазифасини бажариши назарда тутилгани боис ООК III ёшлар Осиё ўйинлари 2025 йилда ташкил этилиши муҳимлигини билдиргани” урғуланган.

Шу туфайли ООК III ёшлар Осиё ўйинлари мезбонлигини Баҳрайнга топширди ва Ўзбекистонга Ислом бирдамлиги ўйинлари ёки Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари каби катталар миқёсидаги йирик комплекс тадбирларни ўтказишга тайёргарлик кўришни тавсия қилди”, дейилган МОК хабарномасида.