Оқ уй: АҚШ Махфий хизмати раҳбари истеъфога чиқди

Кимберли Читл

Собиқ президент Дональд Трамга қарши суиқасдни бартараф қилолмагани учун АҚШ Махфий хизматида (USSS) текширув ўтказилган ортидан хизмат директори Кимберли Читл истеъфога чиққан. Бу ҳақда 23 июль куни Оқ уй маълумот тарқатди.

Reuters қайдича, вазифасига амалдаги ва собиқ давлат раҳбарларини ҳимоя қилиш кирадиган Махфий хизмат изоҳ сўраб қилинган мурожаатга дарҳол жавоб берган эмас.

Махфий хизматга саволлар 13 июль куни Пенсильванияда очиқ осмон остида ўтган сайловолди митингида Дональд Трамп яраланганидан кейин пайдо бўлган. Қуролланган жиноятчи сиёсатчига тадбир ўтказилаётган майдон кафтдек кўриниб турган томдан ўқ узган бўлиши мумкин.

Бунинг ортидан USSS раҳбарияти, хусусан Кимберли Читл 22 июль куни Намояндалар палатасининг назорат комиссияси олдида ҳисоб бераркан, АҚШдаги икки етакчи сиёсий партия — демократлар ва республикачилар партиялари вакиллари танқидига нишон бўлган. У қонун чиқарувчиларнинг Пенсильваниядаги Трамп митингида қандай хавфсизлик чоралари кўрилганига оид саволларига жавоб беришдан бош тортган.

Тинглов чоғида қонун чиқарувчилардан бир неча нафари Читлни истеъфога чиқишга чақирган. Тинглов иштирокчилари “Махфий хизмат устидан назоратни давом эттириш”ни ҳам ваъда қилишган.

Кимберли Читл ўз чиқишида, жумладан митингда содир бўлган нохуш ҳодиса учун масъулиятни ўз зиммасига олишини билдирган. У Пенсильваниядаги ҳодисани ўзи раҳбарлик қилаётган Махфий хизмат тарихида 1981 йили ўша пайтдаги президент Рональд Рейганга қарши уюштирилган суиқасддан бери кузатилган “энг йирик муваффақиятсизлик” деб атаган.