Россия Украина ҳудудининг каттагина қисмини аннексия қилишга “замин ҳозирламоқда”, деди 19 июль куни АҚШ президенти ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби.
Кирби Америка махсус хизматлари маълумотларига таяниб, расмий Москва Украинанинг Херсон, Запорожье шаҳарлари атрофини ва бутун Донбассни Россия таркибига қўшилганини эълон қилиш ниятида эканидан огоҳлантирган.
Оқ уй мулозими Россиянинг Украинага босқин давомида ишғол этилган ҳудудлардаги хатти-ҳаракатларини Қримда содир бўлган воқеаларга қиёслаган.
“Россия Украинанинг ўзи босиб олган ерларида аллақачон ноқонуний мансабдор шахсларни тайинламоқда. Бу кимсалар биринчи галда сохта референдумлар ўтказади, сўнгра Россия референдумларни рўкач қилиб, Украинанинг суверен ҳудудини аннексия қилишга уринади”, деган Кирби.
У Россиянинг аввалдан тахмин қилинган бу хоҳиш-истаклари эндиликда разведка маълумотлари билан тасдиқлангани, аннексия йўлидаги ҳаракатлар “тобора стратегик тус олаётгани”ни айтган.
“Ҳудудни зўрлик билан аннексия қилиш БМТ Низомини қўпол тарзда бузишдир ва бу жазосиз қолмайди”, дея огоҳлантирган Оқ уй вакили.
Кирби Кремлга қарши қаттиққўллик билан янги санкциялар қўлланилишини, яқин кунларда Украинага HIMARS ялпи ўт очиш тизимлари ажратилишини билдирган.
Кирбининг урғулашича, АҚШ дунё аҳлини муҳтамал ноқонуний аннексиядан огоҳ қилиш мақсадида Кремлнинг режаларини фош этмоқда.