Россия айни пайтда Украинадаги уруш давомида эришмоқчи бўлган мақсадларини ўзгартираётганга ўхшайди, дея баёнот берди 4 апрель куни АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан.
Қўшма Штатларга кўра, Россия Украинанинг шарқи ва жанубини босиб олишга эътибор қаратган ва бу ҳудудларга ўн минглаб аскар ташлашни режаламоқда. Эҳтимолга энг яқин мақсад – Украинанинг ушбу ҳудудлардаги ҳарбий гуруҳларини “қуршаб олиш ва тор-мор этишдир”, деган Жейк Салливан. Унинг айтишича, “шундан сўнг Россия буни ютуқ деб тақдим этиш ва аввалги ҳарбий мағлубиятларини хаспўшлаш мақсадида ҳар қандай тактик муваффақиятдан фойдаланиши мумкин”.
Салливан Украина шарқида Россия сон жиҳатидан устунликка эга экани ва улар айирмачилар назоратида бўлган ҳудудларга нисбатан каттароқ ерларни босиб олишни кўзлагани сабабли урушнинг кейинги босқичи узоққа чўзилишини тахмин қилмоқда. Байденнинг маслаҳатчиси фикрича, жанубда Россия катта эҳтимол билан Херсонни ўз қўлида сақлаб қолади. Бир пайтнинг ўзида Киев, Харьков, Львов, Одесса ва бошқа шаҳарларга ракета зарбалари йўллаш давом эттирилади.
Жейк Салливан яқин кунларда Байден маъмурияти Украинага янги ҳарбий ёрдам ажратишини маълум қилган. Шунингдек, Оқ уй Россия энергия ташувчилари экспортига нисбатан янги санкциялар қўллаш хусусида иттифоқчилари билан музокара олиб бораётганини эслатган.
Россиялик ҳарбийлар Украинанинг Буча шаҳрини оккупация қилиб турган пайтда у ерда оммавий қатллар амалга оширилганига доир гувоҳликлар ўртага чиққани ортидан сўнгги кунларда Ғарб мамлакатлари лидерлари кескин баёнотлар бермоқда. Хусусан, ЕИ ва АҚШ Россияга қарши янги санкциялар жорий этиш ва ҳарбий жиноятлар айбдорларини суд қилиш учун маълумотлар йиғишга тайёрлигини билдирган.
4 апрель куни АҚШ президенти Жо Байден Россия президенти Владимир Путинни ҳарбий жиноятлари учун судга тортишга чақирган.