Шимолий Корея Россиянинг “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкатига Украинадаги ўз позицияларини мустаҳкамлашда кўмаклашиш учун қурол-аслаҳа етказиб берган, дея хабар қилди Reuters агентлиги АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби сўзларига таянган ҳолда. Бу ерда гап танкка қарши ракеталар ҳақида бормоқда.
Оқ уй қайдича, Украина ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда айни пайтда “Вагнер ХҲШ”нинг 50 мингга яқин ёлланма аскари иштирок этмоқда, улардан 40 мингга яқинини қамоқхонадан ёлланган маҳкумлар ташкил этади.
Кирби фикрича, Шимолий Корея томонидан россияликларга етказиб берилаётган қурол-аслаҳа миқдори уруш динамикасини ўзгартиролмайди. Америкалик мулозим яқин орада “Вагнер ХҲШ” ва у билан ҳамкорлик қилаётган ширкатларга қарши янги санкциялар жорий этилишини ваъда қилган.
“Вагнер ХҲШ” таъсисчиси ва ҳомийси Евгений Пригожин (“Путиннинг ошпази” номи билан танилган) Шимолий Кореядан қурол-аслаҳа етказиб берилаётганига оид маълумотни “мишмиш ва чайқов” деб атаган.
Аввалроқ Оқ уй Пхеньян Россияга яширин тарзда катта миқдорда тўп снарядлари етказиб бераётганини билдирган. Шимолий Корея расмийлари буни рад этишган.
“Вагнер ХҲШ” Россиянинг норасмий ҳарбий бўлинмаси бўлиб, унинг ёлланмалари Сурия, Африка ва Украинадаги урушларда иштирок этмоқда. Ширкат жангчилари кўплаб ҳарбий жиноятларни содир этганликда гумонланишади.