Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида юриб кетаётган автомобилдан сакраган маст эркак ҳалок бўлди. У шу тариқа ўзини олиб кетаётган ИИБ ходимларидан қочиб қутулмоқчи бўлган.
Тошкент вилояти прокуратураси баёнотига кўра, 26 июль куни Оққўрғондаги автомобилларни ювиш шохобчаларидан бирида маст ҳолатда жамоат тартибини бузгани ортидан Т.М. исмли эркак ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинган.
Ҳуқуқ-тартиботчилар иддаосича, хизмат автомобилида “хушёрхона”га олиб кетилаётган пайтида орқа ўриндиқда ўтирган Т.М. орқа эшикни елкаси билан итариб очиб, ҳаракатланиб кетаётган автомашинадан ўзини ерга ташлаган.
“Бўка туман Тиббиёт бирлашмасининг маълумотига кўра, Т.М.да “бош қисмининг ички ва ташқи жароҳатлари, шилинган, бурун суяги синиши ва бошқа тан жароҳатлари ҳамда алкоголь мастлик ҳолати” аниқланган”, дейилган прокуратура хабарномасида.
Жарроҳлик амалиёти ўтказиш зарурати туғилгани сабабли Т.М. Бекобод тумани марказий шифохонасига олиб борилган, бироқ кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, ўша ерда вафот этган.
“Мазкур ҳолат юзасидан бир қатор тергов ҳаракатлари ўтказиш мақсадида Оққўрғон тумани прокуратураси томонидан ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда ИИО ходимлари ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган”, дейилган баёнотда айни пайтда ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани, тергов жараёни вилоят прокуратураси томонидан назоратга олингани қўшимча қилинган.