Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Ўзбекистоннинг турли вилоятлари ва пойтахтда кузатилган чанг бўрони қўшни Қозоғистондан келганини айтди. Бу иддао пойтахт мэри тилидан пойтахтда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланиб, 9 ноябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида янгради.
“Бу чанг Тошкентдан бошланмаган. Узоқлардан катта қум заррачалари шамолда майдаланиб, келгунча майда заррачага айланган бўлиши эҳтимоли бор. Лекин мен эколог эмасман. Бу Тошкентдан кўтарилиб, Тошкентдан бошланмаган, менинг фикримча. Чанг Қозоғистондан келиб, Самарқандга ўтиб, Самарқанддан Гулистонга, Гулистондан Тошкентга келди. Тошкентдан Наманганга ва яна Қозоғистонга қайтиб кетди”, дея иқтибос келтирган Газета.uz нашри Жаҳонгир Ортиқхўжаев сўзларидан.
Аввалроқ Озодлик суҳбатлашган фаоллар пойтахт ва унинг атрофида қум ва чанг бўрони пайдо бўлишида Тошкентдаги қурилиш лойиҳаларининг ҳиссаси катта эканидан хавотирда эканларини айтишганди.
Ўзбекистонда кузатилган чанг манбаи яқин хориж давлатлари эканини президент Шавкат Мирзиёев ҳам инаугурация маросимида сўзлаган нутқида таъкидлаган эди.
“Бу бизнинг қумларимиз эмас. Менга олимлар ҳам ёзиб берди, Тошкент атрофидаги тоғлар сабаб чанг шу ерда тиқилиб қолди”, деган жумладан Ш. Мирзиёев.
Озодлик 4 ноябрь куни Сирдарё вилоятида бошланган шиддатли қум бўрони Тошкент шаҳрига ҳам етиб келгани, ўшанда пойтахтда соат 21:00 ва 23:00 орасида чанг миқдори меъёрдан 30 баробаргача ошгани ҳақида хабар қилган.
Бу орада 9 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ўзбекистонлик олимлар томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари “қум бўронидан сўнг Тошкентга чўккан чанг таркибида оғир металлар, тузлар, инсон саломатлиги учун хавфли пестицидлар мавжуд эмас”лигини кўрсатгани, “чанг ҳажми 5 микронгача бўлиб, бу катталикдаги чанг зарралари анча зарарсиз”лиги ҳақида маълумот тарқатди.