Қирғизистон Бош прокуратураси 2010 йилнинг июнида содир этилган “Ўш воқеаси” бўйича очилган жиноят иши доирасида ўша вақтдаги Муваққат хукумат аъзолари бўлган Кенешбек Дуйшўбаев, Исмаил Исақов ва Бектур Асановга айблов билдирди. Бу хақида Озодликнинг қирғиз хизматига айбланувчилардан бири Кенешбек Дуйшўбаев хабар берди.
Унга кўра, Бош прокуратура терговчиси сиёсатчиларга айбловни 20 май куни билдирган. Дуйшўбаев терговдан сўнг яшаган жойини тарк этмаслик тўғрисида тилхат билан қўйиб юборилган. Сиёсатчи буни сиёсий таъқиб деб ҳисобламоқда.
“Менга Жиноят кодексининг 337-моддаси (“Хизмат лавозимини суистеъмол қилиш”) айби қўйилди. Бу иш буюртма. Биз ҳозир мухолифатда бўлганимиз учун босим қилишаяпти. Ишда хеч қандай далиллар йўқ. Бундан кейин тергов, суд адолатли бўлиши керак. Бироқ бундай бўлишига ҳам ишонмай турибмиз”, - деди Дуйшўбаев.
Сиёсатчи ўзи билан биргаликда сўроқ қилинган Исмаил Исақов ва Бектур Асановга қандай айбловлар қўйилганини билдирмади. Озодлик радиоси улар билан боғланишга ва муносабат олишга ҳаракат қилди, бироқ бундан самара бўлмади.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси бир йил аввал июнь воқеаси юзасидан 2010 йилдаги Муваққат ҳукумат аъзоларига нисбатан очилган жиноят иши қайта тергов қилина бошлаганини билдирган.
Бунга қадар президент Садир Жапаров махсус хизматларга июнь воқеасининг келиб чиқиш сабабларини қайта тергов қилишга кўрсатма берган эди. Мазкур иш бўйича Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев 25 апрель куни, президент Садир Жапаров 27 апрелда Бош прокуратурада гувоҳ сифатида сўроқ қилинган.
Хозиргача Ўш воқеалари чоғида раҳбарлик лавозимида бўлган 15 киши терговга чақирилди.
2010 йилнинг 7 апрелидаги халқ қўзғолони оқибатида президент Қурманбек Бакиев ҳокимиятдан ағдарилган ва Қирғизистон жанубидан вақтинча бошпана топган эди. Ўшанда ҳокимиятга келган Муваққат ҳукумат ва Бакиев тарафдорлари ўртасидаги сиёсий кескинлик ортидан Ўшда июнь ойида миллатлараро низо бошланиб кетганди.
“Июнь воқеаси” номи билан аталувчи мазкур воқеада расмий ҳисоб бўйича 446 одам ҳалок бўлган, 2 мингга яқин одам турли жароҳат олган, 57 одам бедарак кетган. Уларнинг 19 нафари бугунгача топилмаган.
Халқаро экспертлардан иборат мустақил комиссия бу низо “қирғиз ҳукуматнинг этномиллатчиликка асосланган сиёсати маҳсули экани” тўғрисида хулосага келган. Аммо Қирғизистон парламенти бу хулосадан норози бўлиб, комиссия раиси Киммо Килюненни мамлакатда “исталмаган шахс” сифатида эълон қилганди.
Қирғизистон ҳукумати комиссияси ва парламент депутатларидан иборат комиссия эса Ўш воқеаларининг содир этилишида Қирғизистондаги бир қатор ўзбек лидерларини айблаган.
2010 йил июнь воқеалари бўйича ҳозирга қадар 545 киши жиноий жавобгарликка тортилди. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз ва саккиз нафари бошқа миллат вакилларидир.
Хьюман Райтс Уотч ташкилотининг 2010 йилги ҳисоботида Ўш қирғини кунлари одам ўлдирганликларда айбланиб, бир умрга қамалган 30 кишининг 28 нафари ўзбек экани айтилган.