Остона Исроил ва Эронга сафар юзасидан тавсиялар бермайди

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Айбек Смадияров

Қозоғистон ТИВ вакили вазирлик Исроил ва Эронга сафар қилишни режалаган қозоғистонликларга тавсиялар бермоқчи эмаслигини маълум қилди.

Биз инсон ўзи мустақил равишда қарор қабул қилиши лозим, деб айтишимиз мумкин. Бир тунга бир неча мамлакат ҳаво ҳудудини ёпиб қўйгани ҳамма нарса тўхтаб қолганини англатмайди. Парвозлар қайта бошланди, фақат айрим ширкатларгина ўз парвозларини тўхтатишди”, дея иқтибос келтирган маҳаллий аегнтликлар Қозоғистон ТИВ матбуот котиби Айбек Смадияров сўзларидан. Вазирлик мулозими бу гапларни 15 апрель куни ўтказилган брифингда билдирган.

Смадяровга кўра, юзга яқин қозоғистонлик Исроил ҳудудида консул қайди ташқарисида юрган бўлиши мумкин.

Исроил давлати ҳудудида консуллик қайдида турган қозоғистонликлар сони, элчихона ходимлари ва уларнинг оилаларини қўшиб ҳисоблаганда, 123 кишини ташкил этади. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Исроилда бунга қўшимча равишда яна 100 га яқин Қозоғистон фуқароси бўлиши мумкин. Улар консуллик қайдида туришмайди”, деган ТИВ матбуот котиби.

Смадияровга кўра, Тель-Авив халқаро аэропорти одатдаги тартибда ишлаяпти, қозоғистонлик фуқаролар эса Қозоғистон консули билан доимий алоқада бўлиб туришибди. Вазирлик мулозими мулоҳазасича, Исроилни тарк этиш ёки бу мамлакатда қолишни давом эттиришга оид қарорни қозоғистонликлар мустақил равишда қабул қилиши керак.

Эронда консуллик қайдида турган қозоғистонликларнинг умумий сони, элчихона ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини қўшиб ҳисоблаганда, 104 кишига етади. Шунингдек, бу мамлакат ҳудудида вахта усули билан Қозоғистон ширкатларидан бирининг 174 нафар ходими ишлайди.

Куни кеча Қозоғистоннинг авиация масъуллари сиёсий вазият мураккаблашиб кетгани туфайли мамлакатдаги авиаширкатларга Эрон, Ироқ, Иордания, Ливан, Исроил, Миср ва Сурия ҳаво ҳудудларидан фойдаланмасликни тавсия қилгани маълум бўлган.

Ҳозирги пайтда Қозоғистон авиаширкатлари рейсларни мазкур мамлакатлар ҳаво ҳудудларини айланиб ўтган ҳолда амалга ошириш мақсадида авиақатновлар жадвалини қайта кўриб чиқмоқда”, дея маълум қилган Қозоғистон фуқаро авиацияси қўмитаси матбуот хизмати.