Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити ташкилотга Беларусни қабул қилиш билан бошланди.
“Беларусь ташкилотга тўлақонли аъзолик йўлидаги зарур процедураларни бажарди”, дея билдирди Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 4 июль куни саммитни очаркан.
Шу тариқа, Беларусь ШҲТнинг ўнинчи аъзосига айланди. Ташкилотга бунгача Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон аъзо бўлган. Саммитга 16 та давлат раҳбарлари, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ва турли халқаро ташкилотлар етакчилари келган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этаётган саммитда бошқа масалалар билан бир қаторда “халқаро ва минтақа миқёсидаги долзарб муаммолар” муҳокама қилиниши айтилган.
Саммит доирасида илк бор “Адолатли дунё, ҳамжиҳатлик ва тараққиёт учун бирдамлик” мавзусида “ШҲТ плюс” учрашуви бўлиб ўтади. “Бу муаммо бўйича саммитда иштирок этаётган давлат раҳбарларидан бири чиқиш қилиши кутилмоқда”, дея хабар қилган “Казинформ” агентлиги.
ШҲТга Москва ва Пекин иштирокида 2001 йили асос солинган. Ташкилотнинг асосий вазифаларидан бири минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш экани айтилган. Шунингдек, ШҲТ аъзолари иқтисодий, илмий-техник ва маданий соҳаларда ҳам ўзаро ҳамкорлик қилиб келадилар. Беларусь ШҲТга аъзо бўлиш учун 2022 йилда ариза топширган эди.