Блогер Отабек Сатторий қамоқдан манзил колонияга чиқарилган. Бу ҳақда «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.
Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, манзил колонияга одатда қамоқ муддатининг камида учдан бирини ўтаб бўлган ва тузалиш йўлига ўтган маҳкумлар ўтказилади.
YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогида танқидий чиқишлари билан танилган Отабек Сатторий туҳмат ва товламачиликда айбланиши ортидан 2021 йил 10 майида 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилган эди. Ўтган йил апрелида Олий суд блогерга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирган.
Отабек Сатторий Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми “а”, “г” бандлари (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб, ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш) ва 165-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдордаги товламачилик) да айбдор деб топилган. Отабек Сатторий судда айбловни тан олган эмас.
Сатторийнинг қамалиши Ўзбекистонда ҳам, халқаро ташкилотлар миқёсида ҳам “сўз эркинлигига қарши зарба” сифатида баҳоланган эди. Хусусан, Human Rights Watch, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ), Чегара билмас мухбирлар каби халқаро ташкилотлар блогернинг қамалишини қоралаб чиқишган.
“Чегара билмас мухбирлар” (RSF) шу йил май ойидаги ҳисоботига мувофиқ, Ўзбекистонда сўз эркинлиги ўтган йилгига қараганда тўртта позицияга ёмонлашиб, 133-ўриндан 137-ўринга тушгани қайд этилган. Мазкур ҳисоботда мамлакатда блогерларга босим ва таҳдидлар кузатилаётгани ҳамда уларни ҳибсга олишлар давом этаётгани алоҳида урғуланган.