Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Ижроия қўмитасининг 9 декабрь куни онлайн тарзда ўтказилган навбатдан ташқари йиғилишида кейинги ҳафта “Ўмоннинг Маскат шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё Олимпия Кенгашининг навбатдаги Бош ассамблеясига тайёргарлик кўриш, ушбу тадбирда бўлиб ўтадиган ООК раҳбарияти таркибига, хусусан, ташкилот вице-президентлигига Ўзбекистон томонидан таклиф этиладиган номзодни кўриб чиқиш” ҳамда бошқа масалалар кўрилган. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, йиғилишда “спорт ва ташкилотчилик бўйича катта салоҳиятга эга бўлган Отабек Умаров номзоди” ООК вице-президентлигига илгари сурилган. О. Умаров Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг кичик қизи Шаҳноза Мирзиёеванинг турмуш ўртоғидир.
Тадбирда сўз олган МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг ўринбосари Сакен Пўлатов, Ўзбекистон гимнастика федерацияси раиси в.б. Руслан Мустаев, Ўзбекистон теннис федерацияси Бош котиби Ирода Тўлаганова бу борада энг муносиб номзод танланганини таъкид лаганлар.
Йиғилишда Отабек Умаровнинг Триатлон федерацияси ҳамда ММА ассоциациясидаги фаолияти орқали Ўзбекистонда “ушбу спорт турларининг ривожини янги босқичга чиқара олган”и алоҳида урғуланган.
Қўмита вакиллари Ўзбекистон ООК вице-президенти лавозимига илк бор ўз номзодини кўрсатаётганини қайд этганлар.
Осиё Олимпия Кенгашида жами 10 нафар вице-президент фаолият кўрсатади. Уларнинг 5 нафари қитъадаги минтақалар бўйича иш олиб борса, қолган ярми Осиёда ўтадиган 5 йирик комплекс мусобақаларни (ёзги Осиё ўйинлари, қишки Осиё ўйинлари, Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари, соҳил Осиё ўйинлари ва ёшлар Осиё ўйинлари) юқори савияда ташкил этиш учун масъул ҳисобланади.
“Эътиборлиси, бўлажак Ассамблеядан кейинги муддатда ўтадиган комплекс мусобақаларга мезбонлик қилувчи мамлакат ООКга вице-президентлик учун ўз номзодини илгари суриш имкониятига эга. Шу тариқа Ўзбекистон илк бор 2025 йил ёшлар Осиё ўйинларини қабул қилиши эвазига ушбу нуфузли ташкилот раҳбариятига ўз вакилини номзод қилиб кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритмоқда”, дейилган хабарномада.