Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Тожикистонга мамлакат электр тармоқларини Ўзбекистон билан ўзаро алоқа тармоғи орқали Марказий Осиё ягона энергетика тизимига қайта улаш лойиҳасини кенгайтириш учун қўшимча 15 миллион доллар грант ажратади.
“Gazeta.uz” нашрининг ёзишича, қўшимча маблағ Тожикистон шимолидаги “Сўғд” подстанцияси ва Ўзбекистондаги “Янги Сирдарё” подстанцияси ўртасида 22 километрлик 500 кВ янги электр узатиш линиясини қуришга йўналтирилади.
“Бу (маблағ) Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонни ўз ичига олган Марказий Осиё ягона энергетика тизимидаги давлатлар ўртасида электр энергияси экспорти ва импорти салоҳиятини ошириш ҳамда тармоқ узилишларининг олдини олиш учун инфратузилмани мустаҳкамлашга ёрдам беради”, деб ҳисоблайди ОТБ.
Узоқ муддатли истиқболда лойиҳа Тожикистондаги Роғун ГЭСдан электр энергиясини узатиш схемасининг асосий таркибий қисмига айланиши кутилмоқда.
Озодлик аввалроқ ОТБ Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакат молия бозорларини мустаҳкамлаш ва барқарор бозорга йўналтирилган энергетика секторини ривожлантириш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун умумий қиймати 400 миллион АҚШ доллари бўлган иккита қарзни маъқуллагани ҳақида хабар қилганди.
Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган. Ўтган қарийб 30 йил давомида банк мамлакатга 12,5 миллиард доллар миқдорида қарз, грант ва техник кўмак тақдим этган.