ОТБ Ўзбекистонда мактабгача таълимни қўллаб-қувватлайди

Иллюстратив сурат

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида юқори сифатли мактабгача таълимни қўллаб-қувватлаш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг транзакция масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида фаолият юритади.

ОТБ матбуот хизматининг маълум қилишича, халқаро молиявий тузилма ҳозирда Самарқанд вилоятидаги 100 та мактабгача таълим муассасасини ривожлантиришда маслаҳат хизматини кўрсатмоқда.

ОТБнинг бешта ҳудудда маслаҳати ёрдамида давлат-хусусий шериклик асосида 500 тагача боғча ташкил этилади, бу эса 75 минг нафар тарбияланувчига фойда келтиради.

ОТБнинг транзакцияларга оид маслаҳат ёрдами болалар боғчаларини бошқариш ва уларнинг сифати ва барқарорлигини оширишда илғор тажриба тақдим этади”, деган ОТБнинг Ўзбекистондаги раҳбари Канокпан Лао-Арая.

Банк кўмаги лойиҳалар тайёрлаш, уларни ташкил қилиш ва малакали хусусий ҳамкорларни жалб қилишни ўз ичига олади. Лойиҳалар таълим тизимини халқаро стандартларга мослаштиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган. Ўтган қарийб 30 йил давомида банк мамлакатга 12,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида қарз, грант ва техник кўмак тақдим этган. Халқаро молиявий тузилма, жумладан, соғлиқни сақлаш, қайта тикланувчи энергия манбалари, коммунал хизматлар ва сув таъминоти соҳаларидаги лойиҳаларни дастаклаган.

Озодлик аввалроқ ОТБ Ўзбекистон ҳукуматининг молия бозорини мустаҳкамлаш ва энергетика секторини ривожлантириш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун 400 миллион долларлик қарз ажратгани ҳақида хабар қилган эди.