ОТБ Ўзбекистонга яна 125 миллион доллар қарз беради

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистон ҳукуматининг сув ресурсларини бошқариш секторини модернизация қилиш ва мамлакатда хавфсиз сув таъминотидан фойдаланиш бўйича ҳаракатларини дастаклаш учун 125 миллион доллар миқдорида қарз ажратилишини маъқуллади.

“Ўзбекистондаги сув ресурслари иқлим ўзгариши ва самарасиз фойдаланиш туфайли жиддий таҳдид остида. ОТБ лойиҳаси Ўзбекистонда углерод изини камайтириш учун сувдан фойдаланишни яхшилаш, энергия сарфини камайтириш ва операцион самарадорликни ошириш учун сувни бошқаришнинг ақлли тизимларини жорий этади”, дея иқтибос келтирган Gazeta.uz нашри ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арайадан .

Ушбу маблағ иқлим ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда сув ресурсларини ақлли бошқариш, миллий сув таъминоти корхонаси ходимларининг институционал салоҳиятини оширишга кўмак бериши кутилмоқда.

ОТБ лойиҳаси, шунингдек, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ва унинг ҳудудий филиалларига мамлакат бўйлаб асосий сув истеъмоли объектларида сув сарфини ҳисобга олиш ва телеметрия тизимини ўрнатишни якунлашда ёрдам беради.

Лойиҳа доирасида бутун сув таъминоти ва оқова сув инфратузилмаси, шу жумладан, тахминан 4 млн мижоз уланиши учун активлар инвентаризация қилинади ва жойларда географик хариталаш ишлари амалга оширилади.

Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган. Ўтган 30 йил давомида банк мамлакатга 14,3 миллиард АҚШ доллари миқдорида қарз, грант ва техник кўмак тақдим этган. Халқаро молиявий тузилма, жумладан, соғлиқни сақлаш, қайта тикланувчи энергия манбалари, коммунал хизматлар ва сув таъминоти соҳаларидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаган.

Озодлик аввалроқ ОТБ Ўзбекистон ҳукуматининг молия бозорини мустаҳкамлаш ва энергетика секторини ривожлантириш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун 400 миллион долларлик қарз ажратгани ҳақида хабар қилган эди.