Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун онлайн рўйхатдан ўтганлар сони, 21 июль соат 18:00 ҳолатига кўра, 924 минг 788 нафарни ташкил қилган. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази матбуот хизмати маълумот тарқатди.
ДТМ бугун ОТМларнинг бакалавриат таълим йўналишларига кириш учун онлайн рўйхатдан ўтишнинг сўнгги куни экани, 22 июль куни соат 23:59 да абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш якунланишини эслатган.
Тест маркази қайдича, абитуриентлар мазкур муддат давомида Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz sayti) ва Давлат тест марказининг my.dtm.uz сайти орқали олий таълим муассасаларига кириш учун онлайн рўйхатдан ўтишлари, ўз маълумотларини ўзгартиришлари ва тест синови учун тўловни амалга оширишлари (олдинги йиллар битирувчилари) мумкин.
ДТМ маълумотига кўра, шу пайтгача абитуриентлар томонидан энг кўп танланаётган ОТМлар учлигига Ўзбекистон миллий университети (31 979 нафар), Жиззах давлат педагогика институти (29 543 нафар) ва Урганч давлат университети (29 476 нафар) кирган.
Ўзбекистонда абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш 20 июнь куни бошлангани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.