Статистика: Ўзбекистонда ўртача маош деярли 4 миллион сўмга етди

Ўзбекистондаги ўртача ойлик иш ҳақи январь- сентябрь ойларида 3 млн 721,8 минг сўмни ташкил этди. Бу 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 24,9 фоизга кўпдир. Ўтган йилнинг январь-сентябрида ўртача ойлик иш ҳақи миқдори 2 млн 978,9 минг сўм бўлган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълум қилди.

Ҳисоботда таъкидланишича, ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳрида ўртача иш ҳақи 5 млн 964 мингни ташкил қилган ва бу республикадаги энг юқори кўрсаткичдир. Тошкентдан кейин ўртача иш ҳақининг энг кўп миқдори Навоий (4 млн 953 минг) ва Тошкент вилоятида (3 млн 799 минг) қайд этилган.

Ўртача иш ҳақининг энг кам миқдори эса Самарқанд (2 млн 734 минг), Фарғона (2 млн 783 минг) ва Сурхондарё (2 млн 798 минг) вилоятларида қайд этилган.

Январь-сентябрь оралиғида соҳалар кесимида энг юқори ўртача ойлик иш ҳақи 9,7 миллион сўм бўлган ва бу маош банк, суғурта, лизинг ва кредит воситачилик фаолиятида қайд этилган.

Ахборот ва алоқа соҳасида ўртача ойлик 6,9 млн сўм, логистика соҳасида – 4,8 млн сўм, саноат соҳасида – 4,7 млн сўм, қурилиш соҳасида – 4,5 млн сўм, савдо соҳасида – 3,6 млн сўм, таълим соҳасида – 2,6 млн сўм бўлган. Энг паст ўртача иш ҳақи 2,5 млн сўм миқдорида бўлиб, у соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида қайд этилган.