Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Тоғли Қорабоғда ўтказилган “аксилтеррор амалиёти” бир сутка ичида ўз мақсадига эришгани ва “суверенитет қайта тиклангани"ни билдирди.
Озарбайжон ҳалқига қилган мурожаатида Алиев Қорабоғдаги қуролланган гуруҳлар таслим бўлмаганида, армия “охиригача боришга тайёр бўлгани”ни айтди.
"Озарбайжоннинг Қорабоғ минтақасидан арман қуролли кучларини олиб чиқиш бошланди. Айни пайтда Қорабоғдаги ноқонуний арман жангарилари гуруҳларини қуролсизлантириш жараёни бошланди”, - деди Алиев.
Озарбайжон президенти Қорабоғдаги «аксилтеррор амалиёти» пайтида “тинч аҳоли ҳалок бўлмаганини ва фуқаролик объектларига зарба берилмаганини, аммо душманнинг ҳарбий инфраструктураси ва техникаси йўқ қилингани”ни айтди.
Алиевга кўра, 21 сентябрь куни Евлах шаҳрида бошланадиган музокараларда этник арманлар вакилларига Тоғли Қорабоғни Озарбайжонга реинтеграция қилиш режаси топширилади.
“Қорабоғдаги барча арманларнинг ҳуқуқлари кафолатланади, биз Қорабоғни, жумладан, Ханкендини жаннатга айлантирамиз”, - деб ваъда берди у.
Нутқи якунида Алиев: "Ҳеч ким биз билан диктат ва ультиматум тили билан гаплаша олмайди. Буни ҳеч ким эсидан чиқармасин. Қорабоғ Озарбайжон эканини ҳам ёдидан чиқармасинлар", - деб таъкидлади.
19 сентябрда Озарбайжон армияси Тоғли Қорабоғда ҳарбий амалиёт ўтказилишини эълон қилганди. Амалиётдан мақсад “конституциявий тузумни тиклаш” экани айтилган.
Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси ҳукумати вакиллари 20 сентябрь соат 13:00 дан ўт очишни тўхтатганини билдирди ва Озарбайжон томонининг барча талабларини бажаришга рози бўлди.
Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғ масаласида ўзаро уруш ҳолатидадир. Халқаро ҳамжамият томонидан Тоғли Қорабоғ Озарбайжон ҳудуди сифатида тан олинади. Бу ҳудуд учун 1988-1994 йиллардаги урушда 30 минг киши ҳалок бўлган. Ўшанда минтақанинг асосий ҳудуди арманлар назорати остига ўтган ва юз минглаб озарбайжонлар ўз уйларини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлганди.
2020 йилнинг кузида давом этган 40 кунлик уруш натижасида Озарбайжон Тоғли Қорабоғнинг катта қисмини ўзига қайтарди.